ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши томонидан “НКМК жамғармаси” ДМга қарашли тиббий санитария қисмида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар самараси, тиббиёт ходимларининг инсон саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида олиб бораётган ишлари алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, партия вакиллари томонидан “Инсон қадри – ҳамиша эъзозда” шиори остида партиянинг ижтимоий йўналишдаги ташаббуслари, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Тадбир якунида бир гуруҳ тиббий санитария қисми ходимларига эсдалик совғалари топширилди.
***
Хатирчи туманида аҳолига суюлтирилган газ “Хатирчи - Учқора” газ тўлдириш шохобчаси орқали етказиб берилади. Шохобчанинг сиғими кунлик 40-45 тоннани ташкил этади. Бу ердан кунига истеъмолчиларга суюлтирилган газ маиший газ баллонларда етказилади.

– Туманимизда суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 30 минг 639 тани ташкил этади, – дейди шохобча муҳандиси Илҳом Муқимов. – Кунига газ тўлдириш шохобчамиздан 14-18 тонна атрофида суюлтирилган газ аҳолига етказиб берилади. Бу эса бир кунда 800 тагача хонадон маиший газ баллонлар билан таъминланишини кўрсатади.

Шохобчада маиший газ баллонларнинг аввал оғир қолдиғи тўкилиб, кейин суюлтирилган газ билан тўлдирилади. Жараён шаффоф олиб борилади.
Жорий йилнинг октябрь ойида истеъмолчиларга 368,8 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
***
Кармана туманидаги Дўстлик маҳалласида замонавий давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди

120 ўринли ушбу 34-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “2024-2028 йилларда нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармасининг 4,2 миллиард сўмлик маблағи эвазига барпо этилди.


Қурилиш ишлари эса “Минор Миллениум” МЧЖ қурувчилари томонидан олиб борилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири