Учқудуқ туман ҳокими Учқун Елмуратов тайванлик инвестор Рей Хунг ва унинг ҳамкорлари билан фируза тошларини қазиб олиш ва қайта ишлашга доир лойиҳани амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борди.
Музокаралар натижасида туман давлат хизматлари марказида тайванлик бизнес вакиллари томонидан “JU SHI XING CHENG” МЧЖ шаклидаги хорижий корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.
Хорижий инвесторлар томонидан амалга ошириладиган лойиҳа қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, дастлаб 10 та янги иш ўрни яратилади. Кейинчалик қимматбаҳо тошни қайта ишлаш йўлга қўйилиши билан маҳаллий аҳоли учун яратиладиган янги иш ўринлари сони ортади.


***
ЎзЛиДеП Навбаҳор туман Кенгаши таркибидаги БПТларда ҳисобот-сайлов йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, туман ҳудудий электр тармоқларида ташкил этилган қуйи бўғин 42 нафар партия фаолларини бирлаштирган бўлиб, улар ҳисобот даврида тарғибот-ташвиқот тадбирларида, сайловолди жараёнларида, партиянинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишда, шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этди.
Йиғилишда партия Сайловолди платформаси ва “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда қуйи бўғиннинг келгуси иш режалари белгилаб олинди.
Тадбир сўнггида ташкилотнинг 17 нафар ходими партия сафига қабул қилинди.




***
Бугунги кунда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг кундузги ва сиртқи таълим шаклларида 11 минг нафарга яқин талаба таҳсил олаётган бўлиб, уларнинг 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Олий таълим муассасасида фаолият юритаётган фан докторлари 38 нафар, фан номзодлари ва фалсафа докторлари эса 167 нафардан иборат. Уларнинг 35 нафари олима аёллардир. Шундан 3 нафари фан доктори, профессор илмий унвонига, қолганлари фан номзоди ва фалсафа доктори илмий даражаларига эга.
Айни вақтда университет таянч докторантурасида таҳсил олаётган жами 72 нафар докторантнинг 27 нафари ҳамда 102 нафар магистрнинг 52 нафари хотин-қизлардир.




***
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёлга эҳтиром” ҳафталиги доирасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Унда хотин-қизлардан иборат 10 га яқин жамоа иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, Кимё-металлургия факультетининг “Мовароуннаҳр” жамоаси 1-, Энерго-механика факультетининг “Материалшунослик” жамоаси 2- ҳамда Кончилик факультетининг “Механика” жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар ҳамда фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири