XV – XVI асрлар тиббиёти ҳақида сўз кетганда, биз кўпинча уни Ибн Сино меросининг такрори ёки давоми сифатида тасаввур қиламиз.
Бироқ, ўша даврда яратилган тиббий асарларни чуқурроқ ўрганиш шуни кўрсатадики, Навоий замонаси табиблари нафақат буюк аждодлари анъаналарини давом эттиришган, балки клиник тиббиёт, фармакология ва ташхис қўйиш соҳаларида Ғарб илм-фанидан бир неча аср илгарилаб кетган қатор кашфиётларни ҳам амалга оширишган. Бу кашфиётлар аждодларимизнинг аниқ фанлар соҳасида ҳам дунё цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшганининг яққол исботидир.
Бу борадаги энг ҳайратланарли мисоллардан бири машҳур табиб, умрининг бир қисмини Ҳиротда Султон Ҳусайн Мирзо хизматида ўтказган Муҳаммад Ҳусайний Нурбахший Баҳоуддавлага (вафоти 1507 йил) тегишлидир. У 1501 йилда ўзининг кўп йиллик кузатувлари асосида “Хулосат ат-тажориб” (“Тажрибалар хулосаси”) номли асарини ёзади. Айнан шу китобда Баҳоуддавла биринчилардан бўлиб, бугунги кунда бизга “аллергия” номи билан маълум бўлган касалликни аниқ тавсифлаб берган. У иситмалар ҳақида гапирар экан, баҳорда, дарахтлар гуллаган вақтда қўзғаладиган ўзига хос бир хасталик – “ҳумм ал-қашший” (пичан иситмаси) устида алоҳида тўхталади ва уни бошқа турдаги иситмалардан фарқлаш зарурлигини қатъий таъкидлайди. Эътиборлиси, бу касаллик Европада фақат XIX асрга келибгина илмий жиҳатдан кашф этилган ва тавсифланган. Бу эса Баҳоуддавланинг ўз замонидан нақ 300 йил ўзиб кетганидан далолат беради.
Шарқшунос олим Маҳмуд Ҳасанийнинг ёзишича, Баҳоуддавланинг кашфиётлари бу билан чекланиб қолмайди. У Ҳиротда ишлаб юрган даврида шаҳарда тарқалган кўкйўтал эпидемиясига дуч келади ва унинг барча клиник белгиларини ўз китобида батафсил тасвирлаб, даволаш йўлларини ҳам баён қилади. Бу маълумотлар бугунги кунда тиббиёт тарихига кўкйўтал ҳақидаги илк илмий тавсиф сифатида киритилган. Бундан ташқари, ўша давр учун янги ва хавфли ҳисобланган заҳм (сифилис) касаллиги ҳам илк бор айнан Баҳоуддавла томонидан “Хулосат ат-тажориб”да тилга олинган. Кейинчалик, 1569 йилда бошқа бир табиб Имодуддин Маҳмуд Шерозий бу касалликка бағишланган Шарқдаги биринчи мустақил асар – “Рисола-и оташак”ни (“Захм ҳақида рисола”) яратади.
XV – XVI асрлар тиббиётининг яна бир ютуғи – бу офтальмология, яъни кўз касалликларини ўрганиш фанининг (“каҳҳоллик”) мисли кўрилмаган ривожидир. Бу даврда нафақат Самарқанд, Тошкент ва Ҳиротда кўплаб моҳир кўз табиблари етишиб чиқди, балки бу соҳага оид ўнлаб махсус асарлар ҳам яратилди. Масалан, тошкентлик Шоҳ Али ибн Сулаймон ал-каҳҳол 1500-йилларда “Зубда-и манзума дар фанни каҳҳолий” (“Каҳҳоллик санъатига бағишланган шеърий рисола”) асарини ёзиб, унда кўз тузилиши, касалликлари ва даволаш усулларини назмда баён қилади. Кейинчалик у X асрда яшаган машҳур Бағдод окулисти Али ибн Исонинг “Китоб тазкират ул-каҳҳолин” асарини арабчадан форсчага таржима қилиб, уни янги маълумотлар билан бойитади. Бу каби ўнлаб асарларнинг яратилиши (“Зубдат ул-каҳҳолин”, “Зиёйи уюн” ва бошқалар) ўша даврда кўз микрожарроҳлиги ва диагностикаси юксак даражада бўлганини кўрсатади.
Маҳмуд Ҳасанийнинг маълумот беришича, фармакология, яъни доришунослик ҳам жадал ривожланган. Табиблар турли касалликларга қарши янги, мураккаб таркибли дориларни яратишган. XVI асрда заҳм касаллигига қарши “даво” сифатида кашф қилинган “чўб-и Чиний” (Хитой томири) ҳақида бир нечта рисолалар ёзилгани (“Рисола чўб-и Чиний”, “Рисола-и зикри манофи-и бихи Чиний”) бунинг далилидир. Имодуддин Маҳмуд Шерозийнинг “Рисола-и подзаҳр” (“Тарёк ҳақида рисола”) асари эса заҳарланишга қарши воситалар – тарёклар ҳақида форс тилида ёзилган биринчи мустақил илмий иш ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Навоий даври табобати буюк кашфиётлар ва илғор ғоялар майдони бўлган. Аллергия ва кўкйўталнинг илк тавсифи, офтальмологиянинг юксак ривожи, янги дори воситаларининг яратилиши – буларнинг барчаси аждодларимизнинг илмий тафаккури нақадар теран ва илғор бўлганини исботлайди. Бу тарихий фактлар бизга нафақат ғурур бағишлайди, балки ўтмишнинг бой илмий меросини чуқурроқ ўрганиш ва ундан бугунги кун тиббиёти учун ҳам фойдали хулосалар чиқариш мумкинлигини кўрсатади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА