Гиёҳвандликка барҳам бериш учун нима қилиш керак? Наркожиноятларга қарши курашишда қонунчиликдаги асослар етарлими ёки уларни кучайтириш зарурми?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий марказининг етакчи илмий ходими Беҳзод Рўзимуродов шу ҳақда ўз фикрларини билдирди:
– Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 9 ойи давомида умумий наркожиноятлар сони 26 фоизга ошган бўлса, ёшлар томонидан ушбу турдаги жиноятларнинг содир этилиши 23 фоизга кўпайган.
Жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, наркологик диспансер ва профилактик ҳисобда турган 14-30 ёшдагилар сони 2 минг 142 нафарни ташкил этган.
Ёшлар асосан интернет тармоқлари орқали буюртма бериб, наркотик моддаларни яширин қўлга киритмоқда. Бу эса, янги турдаги жиноятларнинг пайдо бўлиши билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан уларни барвақт аниқлаш ва наркожиноятчиларни жавобгарликка тортиш масалаларида қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Шу сабабли, амалдаги қонунчиликда бу каби кибержиноятлар учун аниқ ва самарали механизмларни ишлаб чиқиш лозим.
Ахборот технологиялари ривожланиб, улар ёрдамида яширин нарколабораторияларда янги турдаги синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш ортиб бораётгани ҳам қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Наркожиноятчилар томонидан синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқаришда турли кимёвий моддалардан фойдаланилмоқда. Хусусан, 2024 йилда 5 та яширин нарколаборатория аниқланган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 10 тага етган.
Шу сабабли, муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхатини ҳам доимий равишда соддалаштирилган тартибда янгилаб бориш лозим.
Қолаверса, дорихоналар ва тиббий муассасаларда гиёҳвандлик воситаларининг ҳаракати тўлиқ электрон тизимга ўтказилмагани уларнинг йўқолиши, ҳисоботининг нотўғри юритилиши ёки ноқонуний йўл орқали сотиш хавфини келтириб чиқармоқда.
Гиёҳвандлик воситаларидан фойдаланадиган илмий лабораториялар ёки тиббиёт муассасаларида ҳисоб ва сақлаш тартиблари қўпол равишда бузилади. Бундай ҳолатлар эса назорат органлари томонидан кеч аниқланади. Бунга сабаб умумий мониторинг тизими етарли даражада йўлга қўйилмаганлигидир.
Шу билан бирга, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг республикага олиб кирилиши (ишлаб чиқарилиши)дан бошлаб реализация қилишгача (қабул қилиш, сақлаш, истеъмолчига сотиш ва ҳ.к.) бўлган барча жараёнларнинг узлуксиз электрон назоратини жорий этиш керак.
Нарковазият, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган самарали чора-тадбирлар ва уюшган наркожиноий гуруҳлар тўғрисида ўзаро тезкор маълумот алмашишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
Бу каби мақсадларни ўз ичига оладиган меъёрий ҳужжатда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш уларни халқаро нормаларга мослаштириш, гиёҳвандлик воситалари истеъмолига жиноий жавобгарликни белгилаш, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишда давлат органлари, жамоат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва бошқа ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, наркожиноятларга қарши курашишни рағбатлантириш ва донорларга (давлат, нодавлат ва хорижий ташкилотлар) имтиёзлар бериш масалалари назарда тутилиши зарур.
Наркожиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, бартараф этиш ва фош этиш мақсадида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ўз ваколатлари доирасида текшириш учун харид қилиш, назоратга олиш, назорат остида етказиб бериш ва бошқа тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни экспресс аниқлаш жараёнида техник воситалардан фойдаланиш, жорий этиш, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тезкор-қидирув бўлинмаларини ушбу йўналишдаги замонавий техник воситалар ҳамда махсус таъминотини иш натижасига қараб тизимли ошириб боришни таъминлаш лозим.
Гиёҳвандликка қарши курашишда илмий-тадқиқот ишларини жадаллаштириш, илғор технологиялар ва ускуналардан фойдаланиш ҳамда даволашнинг замонавий усулларини рағбатлантириш, гиёҳвандликка чалинган шахсни даволаш билан боғлиқ процессуал ҳуқуқларини чеклашга оид нормаларни жорий этиш керак.
Ашёвий далил сифатида эътироф этилиб, олиб қўйилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларнинг сақланиши ва йўқ қилиниши бўйича масъул давлат идорасини қонун даражасида белгилаш, жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш институтларини қўллаш имкониятини чеклаш орқали жавобгарлик чораларини кучайтириш ҳамда жавобгарликнинг мулкка қаратилиши билан боғлиқ жазо чораларини киритиш мақсадга мувофиқ.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишнинг услубий асосларини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва унинг самарадорлигини оширишда халқаро шартномалар ва ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ амалга ошириш ҳамда халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар билан ўзаро маълумот ҳамда тажриба алмашиш, шунингдек, соҳада биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга оид қоидаларни мустаҳкамлаш лозим.
Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятда қатнашган шахсга жазо тайинлашда муддатидан олдин озод қилишни тақиқлаш, муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхатини ҳам доимий равишда соддалаштирилган тартибда янгилаб бориш зарур.
Таълим муассасаларининг ўқув дастурларига гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олишга қаратилган мавзуларни киритиш, жавобгарликка тортилган, диспансер ҳисобида турган шахслар эгаллаши мумкин бўлмаган касб ва лавозимлар рўйхатини белгилаш жоиз.
Буларни амалда таъминлаш натижасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши кураш тизими сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарилади. Соҳада ўз ечимини топиши лозим бўлган халқаро ҳамкорлик, донорларни қўллаш, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилиш, истеъмол қилувчиларни даволаш, реабилитация қилиш муаммоларига ечим топилади.
Пировард натижада, фуқароларнинг соғлиғини сақлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, давлат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш билан бирга ушбу турдаги жиноятларни камайтиришга замин яратилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА