Тошкент шаҳридаги “Қушбеги” спорт мажмуасида ўсмирлар ва катталар ўртасида “Unifight” бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган иқтидорли спортчилар иштирок этди.
Улар орасида Наманган вилояти шарафини ҳимоя қилган “Ёш гвардиячилар” спорт мактаби вакиллари юқори натижалар қайд этиб, совринли ўринларни қўлга киритди.

Жумладан, мусобақанинг классик жанг йўналишида Беҳрузбек Муҳаммаджонов, Акмалжон Раҳмонжонов, Нигора Зуҳриддинова ва Муаззамхон Нозимбоева барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритан бўлса, Нодирбек Бекмирзаев ва Муштарийбону Лутфиддинова кумуш медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, Аллоҳберди Юсуфжонов, Исмоил Абдулбоқиев, Азизбек Набижонов ва Улуғбек Сатимов ўз йўналишларида бронза медаль билан тақдирланди. Пичок отиш дастурида Диёра Абдусаломова кумуш, Мафтунa Каримжонова бронза медални қўлга киритди.
Шу тариқа, Наманган вилояти жамоаси мамлакат кубогида турли йўналишлар бўйича 6 та олтин, 12 та кумуш ва 11 та бронза медалига эга чиқиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўриндан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА