Футбол – миллионлар ўйини. Бу ҳақиқатда бор гап. Спортнинг бу турига қизиқмаган, мухлис бўлмаган инсон бўлмаса керак. Кейинги йилларда футбол майдонларида бўлиб ўтаётган учрашувларни кузатсангиз мухлислар ва шарҳловчилар томонидан ўзбек футболига бўлаётган мақтовлар такрор ва такрор тилга олинмоқда.
Жумладан, ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё кубогини қўлга киритган юртимиз терма жамоаси яна бир бор дунё спорт жамоатчилиги эътирофига сазовор бўлди.
Миллат қаҳрамонларининг ушбу салмоқли муваффақиятида Наманган футболи тарбияланувчилари косонсойлик маҳоратли ҳимоячи, терма жамоа сардори Мўминхон Баҳодирхонов ҳамда норинлик иқтидорли ҳимоячи Ҳожиакбар Ботиралиевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Эътироф этиш жоиз, мамлакатимиз ўсмирлар терма жамоаси аъзолари Президентимиз фармонига асосан давлат мукофотлари ва автомашиналар билан тақдирланди. Жумладан, Мўминхон Баҳодирхонов ва Ҳожиакбар Ботиралиев ҳам “Кобалт” автомобили ҳамда “Келажак бунёдкори” медалига муносиб кўрилди.


Мўминхон Баҳодиров 2008 йилда Косонсой туманида туғилган. Унга биринчи мураббийи Шодмонхон Маматов футбол сирларини ўргатган, кейинчалик наманганлик спортчи Одил Аҳмедов асос солган Тошкентдаги футбол академиясида шуғулланган. Айни вақтда у “Пахтакор” жамоаси аъзоси. Мўминхонни ўзи туғилиб ўсган хонадонида Косонсой тумани ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва фаол ёшлар тантанали кутиб олди. Туман ҳокими Дилмурод Қодиров табрик сўзида элимизга шундай забардаст ўғлон, моҳир спортчини тарбиялаган ота-онаси ва мураббийларига миннатдорлик билдирди.
Норин туманида туғилган, айни пайтда Давлатобод туманида истиқомат қилаётган Ҳожиакбар Ботиралиев туман ҳокимлиги, нуронийлар, ёшлар ва кенг спорт жамоатчилиги вакиллари томонидан ўзгача шодлик билан қарши олинди. Наманган футбол академияси тарбияланувчиси Ҳожиакбар ҳозирда Давлатобод туманидаги 56-сонли умумтаълим мактабининг фаол ўқувчиларидан. У “Наманган ФА” футбол жамоасининг таркибида ҳимоя чизиғида тўп суради. Унинг биринчи мураббийлари Муҳаммаджон Нуриддинов, Дилмурод Мамадалиев миллионлар ўйинига ошно этган.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий камоли, шу жумладан, спортга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва машғулотлар учун барча имкониятлар яратилаётганлигини таъкидлади.



Ўзбекистон терма жамоасининг тарихий натижасида нафақат футболчилар, балки уларни камолга етказган ота-оналари ва мураббийлари ҳамда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт, айниқса, миллионлар ўйинини ривожлантириш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар алоҳида аҳамият касб этади.
Ушбу ғалаба барчага, қолаверса ўсиб келаётган ўқувчилар, футболга меҳр қўйган болаларга ўзига хос мотивация беради ва яна кўплаб чемпионлар етишиб чиқиши замин яратади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА