Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманганлик фермерлар Хитойда тажриба алмашмоқда

Қишлоқ хўжалигида халқаро тажриба ва билим алмашинуви соҳани тубдан ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Айни кунларда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Комилжон Собиров бошчилигида Наманган вилоятининг илғор фермер хўжаликлари раҳбарларидан иборат делегацияси Хитой Халқ Республикасида тажриба алмашмоқда.

Делегация вакиллари даставвал Хитойнинг Шинжон ҳудудида жойлашган “Boshiran” компаниясига назарий-амалий ўқув сафарини амалга оширди. Ушбу ташриф доирасида делегация аъзолари компания фаолияти билан яқиндан танишиб, ўқув-малакавий дастурларида иштирок этди.

Қайд этиш жоиз, делегация таркибида акциядорлик тижорат “Агробанк” Наманган вилояти бошқармаси ва Наманган вилояти Фермерлари кенгаши мутасаддилари ҳамда водий ҳудудларида салоҳияти, тажрибаси ва моддий-техник базаси билан ўз ўринга эга бўлган Наманган туманидаги “Олтин замин ифтихори”, Мингбулоқ туманидаги “Мингбулоқ юксалиши”, Уйчи туманидаги “Икромбой ота ҳосили”, Учқўрғон туманидаги “Истиқболли тегирмон”, Чортоқ туманидаги “Короскон олтин диёр”, Чуст туманидаги “Али қори” каби фермер хўжаликлари раҳбарлари бор. Улар ўз хўжалигида замонавий технологияларни татбиқ этиш, деҳқончилик илмини бугунги кун талаби билан уйғунликда олиб бораётгани натижасида пахта ва ғаллачиликда юқори ҳосилдорликка эришмоқда.

Мазкур ўқув дарслари давомида фермерлар пахта териш машиналари (комбайнлар), пуркагичлар, экиш агрегатлари ҳамда қишлоқ хўжалиги учун юқори технологияли техникалардан фойдаланиш, сервис ва техник хусусиятлари бўйича билим ва кўникмаларини оширди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.