Наманган чинакамига халқаро спорт майдонига айланмоқда. Давлатобод туманидаги "Дўстлик" спорт мажмуаси кортларида 14-18 ёшдаги қизлар ва ўғил-болалар ўртасида "ITF Juiors Js Tournament" халқаро турнири старт олди.

Таъкидлаш жоизки, узоқ танаффусдан сўнг Наманганга яна энг жозибали спорт турларидан бири қайтмоқда. Наманганда професионал теннисчилар ўртасида охирги бор 2020 йилда "J3" турнири ўтказилган эди. 2019 йилда эса эркаклар ўртасида "Фьючерс" халқаро турнири бўлиб ўтган. Бу галги интиқ кутилган халқаро спорт анжумани – "30 ITF Juniors" рейтинг очкоси учун кечадиган нуфузли мусобақада Ўзбекистон теннисчиларидан ташқари Италия, Буюк Британия, Туркия, Руминия, Австралия, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Туркманистон каби ўндан ортиқ давлатлардан юздан зиёд ёш ракетка усталари иштирок этмоқда.

Халқаро турнирнинг саралаш учрашувларида ўзбекистонлик ўсмирларнинг муваффақиятли иштирок этганлиги қувонарлидир. Жавоҳир Сафаров, Артём Букин, Фёдор Куриленков, Илья Тиганок, Максим Бреус сингари умидли теннисчиларимиз баҳсларни давом эттириш имкониятига эга бўлди. Қизлар иштирокидаги рақобатда қўшни ва хорижий давлатлар вакиллари ўз маҳоратини ишга солгани саралаш беллашувларидаги натижаларда ўз аксини топди. Хусусан, Қозоғистондан Каряна Фладосик, Анастасия Акугинова, Адлия Омербек, Хитой спортчиси Ли Ма Луо Ди, Руминиядан Ева Тяченко “асосий” ўйинларга йўл олди. “Hard” (қаттиқ) қопламали кортларда уюштирилган нуфузли турнирнинг асосий тўр ўйинлари 27 март куни бошланади. Унда мусобақанинг биринчи ракеткаси сифатида таснифланган Даря Шубина (ITF Juniors рейтингида 484-ўрин), Артур Ибрагимов (ITF-467), Бобур Мадаминов (ITF-613) сингари ўзбекистонлик иқтидорли ракеткачилар яққол фаворит сифатида кўрилмоқда. Зеро, улардан мураббийларнинг умидлари катта.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА