Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот кутубхонасида “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Маъруфхон Хўжаев иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот тарзидаги тадбирда жамият мутасаддилари, “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали масъул ходимлари ва Наманган вилояти ёшлар ишлари бошқармаси раҳбарияти иштирок этди.

Учрашувда ўғил-қизларнинг касбий ривожи, бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳада малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ёш мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни замонавий технологиялар асосида қайта тайёрлаш, ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб этиш ҳамда уларнинг ғоя ва инновацион таклифларини амалиётга татбиқ этиш механизмлари муҳокама қилинди.
Мулоқотда, янги иш ўринлари яратиш, стажировка ва амалиёт дастурларини кенгайтириш, раҳбарлар томонидан “Устоз-шогирд” анъанасини йўлга қўйиш масалалари ҳам алоҳида қайд этилди. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита “Ҳудудгазтаъминот” жамияти раҳбаридан тўлиқ жавоб олди.

Учрашув доирасида “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ҳамда “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот кутубхонаси мутасаддилари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур келишув асосида ёш авлод ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, учрашувларни доимий ўтказиш, ижодий мулоқотлар, китоб тақдимотлари ва турли маънавий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ва келажакда соҳадаги фаол иштирокини таъминлашда муҳим қадам бўлган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувининг иккинчи босқичи Янги Наманган туманидаги Гулистон маҳалласида ўтказилди.

Даставвал, ушбу маҳаллада амалга оширилган инновацион лойиҳа, яъни “Маҳалла-истеъмол-назорат ҳисоб баланси” тақдимоти бўлиб ўтди. Унда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти масъул ходими Дилшодбек Очилов тизимда фаолият юритаётган ходимларга соҳада бўлаётган жараёнлар ва унда ёшларнинг ўрни ҳақида фикр юритди.

Таъкидлаш жоиз, “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги газ тармоқлари ягона тармоққа ўтказилиб, тартибга келтирилди. Газ қувурлари эса замонавий талабларга мос ҳолда бўёқланди. Бундан ташқари, ҳудудда икки босқичли газ таъминоти тизими жорий этилди. Шунингдек, маҳалла истеъмолчиларида табиий газ таъминотини янада яхшилаш мақсадида, 4,5 километрлик газ тармоғи янгиланди. Жамият томонидан 622 хонадоннинг ҳар бирига газ ҳисоблагич ўрнатилиб, улар махсус ҳимоя қутилари билан жиҳозланди.
Бундай қизғин ва амалий руҳдаги мулоқотлар ёшларнинг газ таъминоти соҳасига бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.