Республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларга мезбонлик қилиб келаётган Наманганда яна бир эътиборга молик спорт анжумани – муай-тай бўйича ўсмирлар (“U-15”) ва ёшлар (“U-15”) ўртасида Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Муай-тай ассоциацияси ҳамда республика Спорт вазирлиги ҳамкорлигида вилоят марказидаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида ташкилланган мазкур кубок беллашувларида Қорақалпоғистон Республикаси, ва барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан сараланган 400 га яқин шарқона яккакураш усталари ғолиблик учун рингга кўтарилди.

Муросасиз ва қизғин тарзда кечган жанглар, аввало, ёш ўғил-қизларни жисмонан чиниқтириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи ҳамда спортнинг шарқона яккакураш турларини тарғиб қилиш ва иқтидорли спортчиларни саралаб олишга қаратилгани билан аҳамият касб этди.

Турнирнинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида ғолиб чиққан Самарқанд вилояти жамоаси мамлакат кубогини қўлга киритди. Наманганлик спортчилар фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди. Андижонликлар эса мусобақани кучли учликда якунлаб берди.
Эътиборлиси, республика кубоги мусобақаси шу йилнинг 22–31-октябрь кунлари Баҳрайнда бўлиб ўтадиган III-Ёшлар Осиё ўйинлари учун Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига ўзига хос тараддуд вазифасини ҳам ўтади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.