
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманганда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро гуллар фестивали доирасида Халқаро тиббиёт форуми ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Наманган шаҳар ҳокимлигида шаҳар ҳокими А. Отахўжаев ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари Б. Нуриддинов Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси туризм ва маданият координатори С. Очилов бошчилигида тиббиёт соҳаси вакиллари билан учрашди. Учрашувда Наманганда тиббиёт туризмини ривожлантириш, хусусан болалар неврохирургияси йўналишида амалга оширилаётган операцияларни халқаро миқёсда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
С. Очилов ўз сўзида Наманганда тиббиёт туризмини янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, болалар неврохирургияси бўйича халқаро конференция ташкил этиш таклифини билдирди. Мазкур форум доирасида Германиянинг «Gannover» университети профессори, дунёнинг энг етакчи неврохиррургларидан бири Зафар Чиннибулак иштирокида болалар ва катталар неврохирургияси бўйича ўқув дастурлари ва жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Мулоқот давомида Б. Нуриддинов давлатимиз раҳбари томонларидан тиббиёт туризмини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, тиббиёт соҳасида халқаро обрў-эътибор қозонган туркиялик мутахассис Эсра Сунар ҳам Наманганда амалга оширилаётган Паркинсон касаллиги, болалар церебрал фалажи (ДЦП) ва генетик хасталикларни даволашда қўлланаётган янги методлар орқали Наманган тиббиётини жаҳонга танитиш имконияти яратилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, у Ибн Сино меросидан илҳомланиб, тиббиёт туризм маданиятини янада ривожлантиришга ҳисса қўшишини билдирди.
[gallery-22811]
Ушбу форум нафақат тиббиёт соҳасидаги илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки Наманганни халқаро тиббиёт туризмининг янги марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА