ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоят марказидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида “Ўзбегим палови маданияти” танлови ўтказилди.
Бугунги Наманган нафақат анвойи гулларию бетакрор табиатга эга масканлари, балки гастрономик туризми билан ҳам сайёҳлар эътиборини қозонмоқда. Ҳудуд гастрономик туризмида эса Наманган палови муҳим ўрин эгаллайди.
62-Халқаро гуллар фестивали доирасида ташкил этилган танлов намаганлик ошпазларнинг миллий таом тайёрлашдаги бор маҳоратини яна бир карра намоён этиш имконини берди.
[gallery-12176]
Ошпазлар баҳсида 100 дан зиёд соҳа вакили қатнашди. Уларнинг ҳар бири ўз услубида ош тайёрлаш жараёнини кенг оммага намойиш этди. Қазили, саримсоқпиёзли, дўлмали паловлар девзира, чўнғара, лазер гуручларида пиширилди. Наманган шаҳридаги “Бешчинор” ошхонасининг ёш ошпази Яхёхон Абдулхаевнинг битта қозонда 2 хил ошни тайёрлагани айниқса, барчанинг ҳайратига сабаб бўлди.
Шунингдек, танловда иштирокчиларнинг хизмат кўрсатиш маҳорати ва тажрибасига ҳам эътибор қаратилди.
Иштирокчилар “Энг ёш ошпаз”, “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг мазали ўзбек таоми”, “Энг мазали саримсоқпиёзли ош”, “Фаол иштироки учун” каби номинациялар бўйича ғолиб, деб топилиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Б. Нуритдинов, вилоят ошпазлар уюшмаси раиси О. Иномбоев иштирок этди.
Камола Юсупова,
Ҳотам Мамадалиев (сурат),ЎзА