НАТО Бош котиби Марк Рютте ва Германия Федерал Канцлери Фридрих Мерц Украина масаласида ҳамфикрлигини таъкидлади, деб хабар берган “Евроньюс”.
Чоршанба куни Германия канцлери Фридрих Мерц Берлинда Германиянинг мудофаа иттифоқига қўшилганининг 70 йиллиги муносабати билан НАТО Бош котиби Марк Рюттени қабул қилди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Европадан ўз мудофааси учун масъулиятни зиммасига олишни талаб қилгач, Шимолий Атлантика альянси аъзолари ҳарбий харажатни сезиларли даражада оширишга келишиб олди.
Гаагада бўлиб ўтган саммитда иттифоқ мамлакатлари 2035 йилгача ҳарбий бюджетни оширишга келишди. Шунингдек Мерц Германия НАТОда етакчиликни қўлга олиш ниятини билдирган.
– Биз ресурслардан оқилона фойдаланамиз, Германия ҳарбий салоҳиятини НАТО таркибидаги намунали армияга айлантирамиз, – деган Канцлер журналистларга. – Бунинг учун замонавий технологияга асосланган кенг миқёсли янги авлод техникасини сотиб оламиз.
Икки мулозим Россия ва Украина зиддияти масаласида ҳамфикрлигини билдириб, урушни тўхтатиш биринчи галдаги вазифа эканини айтган.
Германия канцлери Вашингтондан Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш масаласини қайта кўриб чиқиш бўйича сўров олгани, бу масалада АҚШ билан музокара олиб борилишини ҳам қўшимча қилган.
НАТО Бош котиби Европа етарли даражада ҳарбий техника ишлаб чиқармаётганига урғу бериб, энди мудофаа учун кўпроқ маблағ ажратилаётганидан мамнунлигини изҳор этган.
– Муаммо шундаки, Европа ва АҚШда етарли қурол ишлаб чиқарилмаяпти, – деган Рютте. – Бу масалани кўриб чиқяпмиз. Айни пайт Польша, Руминия ва Эстония Жанубий Кореядан қурол сотиб олмоқда. Бу давлатларга айни йўл қулайроқ, чунки Европа ёки АҚШдан аслаҳа хариди нисбатан кўп вақт талаб этади. Демак, ишлаб чиқариш ва бошқа ташкилий масалаларни таҳлил қилишимиз керак.
Альянс раҳбари Хитой билан муносабатнинг нозик жиҳатларига ҳам тўхталиб, анчайин кескин баёнот ҳам берди:
– Тахминан 3-7 йилдан кейин учинчи жаҳон уруши содир бўлиши мумкин. Россия Европани танг ҳолатда ушлаб туриш учун НАТО ҳудудига кенг кўламли ҳужум бошласа, Хитой вазиятдан фойдаланиб Тайванга юриш қилиши эҳтимоли юқори.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/sII31R8GFtw?si=giz6z-0YVwpH9AxS" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА