Наманганда Халқаро гуллар фестивалининг илк бор ўтказилганига ҳам олтмиш йилдан зиёд вақт бўлибди. Ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган гуллар байрами мамлакатимизнинг маданий-маънавий ҳаётида муҳим воқеа бўлади десак, муболаға қилмаймиз.
Наманганда 64-бор ташкил этилаётган Халқаро “Гуллар фестивали”га тайёргарлик ишлари айни қизғин паллага кирган. Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботирхон Нуриддинов қуйидагиларни маълум қилди.
Фестиваль ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, унинг келиб чиқиш тарихига тўхталиб ўтиш жоиз. 1961 йилда Наманган шаҳрида биринчи марта гуллар кўргазмаси ташкил этилган. Гулзор маҳалласида ташкил этилган илк байрамда гулпарварлар ўз боғларида етиштирган турфа хил гулларни намойиш этган. Ўтган асрнинг 1970-йилларига келиб, гуллар кўргазмаси шаҳар ва вилоят миқёсида катта қизиқиш уйғота бошлади. Ҳар йили баҳор фаслида ўтказиладиган бу тадбир гулчилар, боғбонлар ва ҳунармандлар учун муҳим платформалардан бирига айланди.

Гуллар байрами мустақиллик йилларида миллийлик, ҳунармандчилик ва урф-одатлар билан бойитилди. Унда миллий либослардаги иштирокчилар, фольклор гуруҳлар ва ҳунармандлар фаол қатнаша бошлади. Шу билан бирга, тадбирларни туманларда ҳам ташкил этиш йўлга қўйилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида 2018 йилдан бошлаб, гуллар байрамига расман Халқаро “Гуллар фестивали” мақоми берилди. Турли мамлакатлардан гул дизайнерлари, ландшафт мутахассислари, туристик агентлик ва ижодкорлар иштирок эта бошлади.
Нафосат ва гўзаллик байрамига нуфузли хорижий меҳмонлар ва туристларнинг қизиқиши йил сайин ортаётгани бу тадбирнинг халқаро салоҳиятини янада яққолроқ намойиш қилмоқда. Туризм фақат тарихий обидалар билан эмас, маданий тадбирлар орқали ҳам ривожланади. Наманган бугун нафақат анъаналар, балки замонавий маданият маркази сифатида ҳам дунёга довруқ таратмоқда.

Дарҳақиқат, Наманганнинг стратегик бренди ҳисобланган Халқаро “Гуллар фестивали” орқали шаҳар янада гўзаллашмоқда, ҳам ўзининг иқтисодий, маънавий ва маданий юзини бутун жаҳонга кўз-кўз қилмоқда.
Кейинги йилларда фестиваль фақат гулчилик анъаналари билан чекланиб қолмаяпти. У Наманганнинг иқтисодий, маданий ва ижтимоий ривожида етакчи вазифани бажараётган мустаҳкам пойдеворга айланмоқда. Қолаверса, Янги Ўзбекистонда туризмнинг янги-экотуризм қиррасини очмоқда. У тарихий обидалар, замонавий, ижодий, халқона тадбирлар орқали ҳам сайёҳларни жалб этиш мумкинлигини исботлади. Меҳмонлар гул кўриш учунгина эмас, балки Наманган шаҳрининг мусаффо табиати, маданиятини, одамларининг тантилиги, қадриятларини ҳис қилиш учун ҳам ошиқмоқда.
Жаҳон тажрибасида маданият, иқтисод, туризм, маънавият, жамоатчилик ва бренд тушунчаси чамбарчас боғланган. Наманган бугун “Гуллар шаҳри” сифатида бутун мамлакатда, ҳатто, қўшни ва хорижий давлатларда ҳам танилиб бормоқда. Бу ном тўғри бошқарилса, ҳудудий брендга айланиб, геомаркетинг асосида инвестиция ва туризм оқимини олиб келишда самарали восита бўлади. Гул етиштириш, гулчилик саноати, дизайн, флористика ва экспомарказлар бу бренд ортида туриши мумкин бўлган реал иқтисодий манбалардир.

Навбатдаги фестиваль давомида уч минг нафардан ортиқ гулчи, ҳунарманд ва тадбиркорлар ўз маҳсулоти билан иштирок этади. “Эко-гуллар”, “Ландшафт дизайни”, “Ёш гулчилар” сингари янги йўналишлар кенг жамоатчилик эътиборини қозониши шубҳасиз. Фестиваль доирасида Наманган вилоятининг туристик хизматлар экспорти 150 миллион АҚШ долларидан ошиши кутилмоқда. Мазкур рақамлар вилоятнинг маданий салоҳияти қай тариқа иқтисодий самарадорликка юз тутаётганлигини яққол кўрсатади.
Эътиборлиси шундаки, жорий йилнинг биринчи чорагида Наманган вилоятидан Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларга 1,2 миллион долларлик гул маҳсулотлари экспорт қилинди. Гул етиштириш билан шуғулланувчи 460га яқин фермер хўжалигида йиллик айланмаси икки баробарга ошган. Чортоқ, Поп, Норин, Наманган ва Учқўрғон туманларида тўғридан-тўғри инвесторлар иштирокида бешта янги гулчилик кластери ташкил этилди. Фестиваль улар учун реал маркетинг ва бизнес муҳитини яратмоқда.
“Гуллар шаҳри” тарифи фақат тантанали эмас, стратегик инвестициявий аҳамиятга ҳам эга. Жумладан, “BBC Uzbek”, “Euronews”, “Anadolu”, “Kazinform”, “Kabar”, “Ria Novosti”, “Sinxua”, “Fars news” каби ўнлаб етакчи хорижий оммавий ахборот воситаларида ушбу тадбир мунтазам ёритилиб келинмоқда. Ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутиб, мактаблар, коллеж ва техникумлар ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида гул мавзусидаги ижодий танловлар орқали эстетик таълим ҳам мустаҳкамланмоқда.
Фестиваль доирасида ўтказиладиган гал концертлар, мода кунлари, “Талант шоу”, “Овоз” ва “X-Factor” танловлари, спорт мусобақалари, цирк томошалари, миллий қадриятлар ва ҳунармандчилик кўргазмалари, турфа таомлар тақдимоти, “Лаванда сайли” ва дрон-шоу воситасида маданий мерос кенг тарғиб қилинади. Бу эса ўз навбатида, халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
64-Халқаро “Гуллар фестивали” маҳаллий тадбиркорлар, озиқ-овқат, ҳунармандчилик, транспорт ва сервис соҳалари учун улкан имкониятлар эшигини очмоқда. Байрам кунларида кичик ва ўрта бизнес субъектларининг савдо ва хизмат кўрсатиш айланмаси ўртача 35–40 фоизга ошади. “Гул иқтисодиёти” форуми мобайнида чет эл инвесторлари билан икки томонлама ҳамкорлик келишувлари имзоланади. Ушбу тадбир гулчилик, озуқа саноати, логистика ва агроэкспорт соҳаларида янги лойиҳаларга пойдевор бўлади.

Фестиваль доирасида 100 дан ортиқ йирик маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Улар орасида халқаро мусиқа ва рақс фестивали, “GulFashion” миллий услубдаги мода кўргазмаси, “Namangan Voice” ёш ижодкорлар учун вокал танлови, халқаро кино ва мусиқа кечалари, халқаро илмий амалий анжуманлар, нуфузли спорт мусобақалари, “3D-мэппинг” спектакллари, “Гуллар автопаради” каби анъанавий жозибадор тадбирлар ҳам ўрин олганки, бу туристларда улкан таассуротларни уйғотиши шубҳасиз.
Фестиваль доирасида шаҳар инфратузилмаси ҳам сезиларли даражада янгиланмоқда. 300 та янги ободонлаштириш лойиҳаси, 50 га яқин сайёҳлик объектларида таъмирлаш, ўнга яқин маданий мерос иншоотида реставрация ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Ахсикент тарихий мажмуаси негизидаги “Очиқ осмон” музейи фестивалнинг илк кунида расман очилиши кутилмоқда. Бу лойиҳа халқаро туристик йўналишлар харитасига киритилиши режалаштирилган.
Хулласи, шу йилнинг 25 майидан 29 июнига қадар давом этадиган 64-Халқаро “Гуллар фестивали”га 300 мингга яқин хорижий ва 6,5 миллионга яқин маҳаллий сайёҳларнинг ташрифи кутилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан икки баробарга кўпайишини англатади. Бундан ташқари, фестивалга 55 дан ортиқ хорижий давлат вакиллари, нуфузли меҳмонлар, юздан зиёд халқаро блогерлар ва туроператорлар ҳам таклиф этилган. Умуман олганда, мингга яқин гул композицияси, дизайнерлик объектлари ва инсталляциялар шаҳарни гул-галереясига айлантиради.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири