Тарих зарварақларида шони ва номи ҳеч қачон ўчмайдиган, абадийликка муҳрланган маконлар бисёр, бироқ Самарқанд шундай шаҳарки, ўтмишнинг ўзи каби нафас олади, боқийликка интилиб яшайди. Бу кўҳна кентнинг ҳар сиқим тупроғи, ҳар бир ғишти, ҳавоси, ҳар гиёҳида сир-синоат яширин.
Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Самарқанд турли империялар, қадимги хонликлар даврини кўрди, фақат харитадаги нуқта эмас, балки асрлар давомида султонлар, мутафаккирлар ва шоирлар томонидан битилган илоҳий ашъор кабидир. Инсониятга хос ижодкорлик, сабр ва руҳий юксалиш рамзи сифатида ҳамон буюк. Шу боис дунёда Самарқанд хаёли билан яшаётган, жаннатмонанд бу гўшани зиёрат этиш, умрида бир бор кўришни орзу қиладиган инсонлар саноқсиз.

Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган оқилона сиёсат туфайли бугун мазкур муаззам шаҳар бор таровати, гўзаллиги билан жаҳонга қайта очилди. Бу ерга дунёнинг турли минтақаларидан саёҳатчилар эмин-эркин келиб кетадиган бўлди. Қолаверса, халқаро сиёсатчилар, экспертлар тилида “Самарқанд руҳи” тушунчаси пайдо бўлди.
Ҳозирги глобаллашув даврида ижтимоий тармоқ ривожланган, одамлар қисқа хабар ўқишга одатланган бир пайтда янги журнал ёки газетани нашрдан чиқариб, жамоатчиликка тақдим этиш осон иш эмас.

Маълумки, ўтган йил Самарқанд давлат университети муассислигида ўзбек тилида “Самарқандим” номли илмий-сиёсий, илмий-маърифий, тарихий, оммабоп журнал чоп этила бошланди. Юртимиз зиёлилари, муштарийлар кўнглидан жой олаётган ушбу нашр энди инглиз тилида “My Samarkand” номи билан ҳам чиқмоқда.
Мақсад – кўҳна ва ҳамиша навқирон кентнинг шонли тарихи, бугунги қизғин ҳаёти, шу заминда туғилган, яшаган, фаолият кўрсатган инсонлар умр дафтарини ёритиш ҳамда кенг тарғиб этиш. Аҳил жамоа янгиланиш, бунёдкорлик, азим шаҳар ҳаёти ва ён-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, сирга тўла тарихий жараённи баҳоли қудрат ўқувчиларга етказиш, содда тил ва самимий руҳда таҳлил, талқин қилиш масъулиятини олиб, йўлга чиққан.

“My Samarkand”нинг инглиз тилидаги илк сони сиз, азиз ўқувчини нафақат вақт ва макон бўйлаб сайрга, балки Самарқанд қалбига чорлайди. Эътибор берсак, журнал мундарижаси ранг-баранглигига гувоҳ бўламиз.
Нишона соннинг илк саҳифалари вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Адиз Бобоев ва Самарқанд давлат университети ректори, лойиҳа раҳбари Рустам Холмуродовнинг мулоҳазалари билан бошланган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, марҳум адабиётшунос Озод Шарафиддиновнинг “Поезддан тушиб, биринчи кўрганим нон бўлди. Самарқанд нони!”,Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Темур қурдирган миноралар...”, “BMB Holding” компанияси асосчиси, Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбари Беҳзод Маматқуловнинг “Тунги фикрлар”, марҳум фахрий журналист Сафар Остоновнинг “Одамлар нимани қадрлашади?”, АҚШлик олима, доктор Карин Дейонг Каннаннинг “Самарқанд руҳи”, СамДУ профессори Ариндам Баникнинг “Самарқандда вақт тўхтаб туради”,профессорлар Абдурайим Туробов ва Нуриддин Бегалиевнинг “Самарқанд номининг маъносини биламизми?”, журналист Шарофат Йўлдошеванинг “Одамийлик илми ёки Афросиёбни ким сақлаб қолган?” номли мақолалари, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ва журнал илмий экспедициясининг Қўшработ бўйлаб саёҳати акс этган фотосуратлар ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмаслиги аниқ.
Қайд этиш жоиз, “My Samarkand” журнали инглиз тилидаги илк сони айнан Мустақилликнинг 34 йиллиги арафасида чоп этилиши Ватанимиз учун энг улуғ, энг азиз байрамга муносиб совға, дейиш мумкин.


Ўткир Алимов, ЎзА