Олмалиқ кон-металлургия комбинати ишчи-ходимларининг билим ва малакасини оширишда ўқитишнинг замонавий шакли, услуб ва талабларини жорий этиш мақсадида дунёнинг энг илғор университетлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Хусусан, шундай келишувлар доирасида Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан кончилик саноатида амалга оширилаётган дастурлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг тегишли фармойишига асосан Япониянинг Акита университети талабалари ҳамда профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация аъзолари “Металлург” маданият саройида жойлашган музейларни кўздан кечириб, комбинат тарихига оид маълумотларга эга бўлди. Меҳмонларга ОКМК таркибий бўлинмалари ва ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ акс этган видеофильм намойиш этилди.

Шунингдек меҳмонлар “Қалмоққир” ва “Ёшлик I” конларида ҳам бўлди. Делегация аъзоларида кон-қазиш ишлари ҳамда улкан тоғ транспортлари ёрдамида уларни ташиш жараёнлари катта қизиқиш уйғотди.


– Комбинатдаги ишлаб чиқариш салоҳияти ва конлардан маъдан қазиб олиш жараёнлари бизда катта таассурот қолдирди. Келгусида янги лойиҳалар ҳамда ташаббуслар доирасида ўзаро алоқаларни давом эттириш истагидамиз. Ҳамкорликнинг кейинги босқичларида талабалар учун барча шароитларга эга, юқори даражадаги таълим муҳитини яратиш, шу билан бирга, ишлаб чиқариш соҳасида ҳам шериклик қилиш ниятимиз бор. Сўнгги бор ОКМКга икки йил аввал келган эдик. Ҳозир эса улкан ўзгаришлар ва юксалишларга гувоҳ бўлдик, – дейди Акита университети профессори Атуши Шибаяма.

Ташриф доирасида делегация аъзолари 2-Мис бойитиш фабрикасида бўлиб, технологик жараёнларни кўздан кечирди. Меҳмон талабалар учун ўтказилган саноат экскурсияси сўнгида ОКМК мутахассислари иштирокида давра суҳбати ташкил этилиб, унда меҳмонлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА.