Сўхликлар Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллигини янги қурилган иншоотларни фойдаланишга топшириш билан кутиб оляпти.
Ҳушёр маҳалласи қўшни давлат ҳудудига туташиб кетган. Бу ердаги 28-мактабда қишлоқнинг 245 нафар фарзандлари таҳсил олади. Мактаб биноси кўркам, синф хоналари кенг, ёруғ. Спорт зали ҳам мавжуд. Аммо унинг замонавий футбол майдони йўқ эди. Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида барча қулайликларга эга усти ёпиқ аммо ёзги футбол майдончаси ўқувчи ва устозлар жамоасига топширилди. Ундан таътилдаги ўқувчилар фойдаланишни бошлади.

– Спорт майдончасидан нафақат мактаб ўқувчилари балки ушбу ҳудудда яшайдиган барча ёшлар, аввало уюшмаган ёшлар самарали фойдаланишини ташкил этамиз, – дейди мактаб директори Дониёр Ҳакимов. – Келгусида бу ерда режали равишда турли мусобақалар ташкил этамиз.

Мактаб директори Дониёр Ҳакимов айни чоғда ташкилотчи ҳам экан. Бир неча йил аввал мактаб ҳудудида боғ яратди. Ундан олинган даромад ҳисобидан ўқувчиларга бепул тушлик берилишини ташкил қилди. Мана энди унинг ташаббуси ва сайъ-ҳаракати билан янги стадион пайдо бўлди.

Сарибозорча маҳалласи аҳли ҳам байрам арафасида муносиб совға оладиган бўлди. Гап шундаки, маҳаллада 2202 нафар аҳоли, шундан 300 дан зиёд мактабгача ёшдаги болалар бор. Аммо маънан эскирган бир қаватли 90 ўринли эски боғча биноси бўлган холос. Аҳолининг ҳақли талаби қаноатлантирилди. Сарибозорча маҳалла фуқаролар йиғинида янги, замонавий лойиҳадаги 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси қуриб битирилмоқда.

– 25 та набирам, 4 та эварам бор. Боғчада жой йўқлиги учун уларнинг кўпчилиги уйда қолган эди, – дейди меҳнат фахрийси Майрамхон Алибоева. – Халқ талабини қондираётган давлатимизга алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Маҳалламизда янги, жуда чиройли боғча қурилмоқда. Худо хоҳласа уйда қолган невара ва эвараларим мана шу боғча тарбияланувчиси бўлади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/T4vVPVVdwT0?si=xZAtzsQWWdWJ4hkH" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов