Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилган бадиий-мусиқий, театрлаштирилган байрам тадбири Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси садолари билан бошланди.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан таклиф этилган давлат, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган андижонликлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, фаол ёшлар иштирокида ўтган байрам тадбирида сўз олган Андижон вилояти ҳоким Шуҳратбек Абдураҳмонов барча андижонликларни мустақилликнинг ўттиз тўрт йиллик байрами билан муборакбод этиб, мустақиллик йилларида мамлакатимизда, хусусан, вилоятда қурилиш, бунёдкорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
- Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда ҳаётимизда, шууримизда юз бераётган ўзгаришлар андижонликларни янада юксак марралар сари илҳомлантирмоқда, - дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Бу меҳнатларимиз, эришаётган натижаларимизда ўз аксини топмоқда.
Хусусан, вилоятимизда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 2016 йилда 16 триллион сўмни ташкил этган бўлса, кейинги йилларда олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг бошига келиб, ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш хажми 90 триллион сўмга етди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ўсиш уч баробарга ортди. Таъкидлаш жоизки, улкан қурилиш майдонига айланган вилоятда янги-янги корхона, турар-жойлар, йўл ва кўприклар, инфратузилма объектлари, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари барпо этилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда умумий қиймати 9 триллион сўмлик 1 минг 637 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада 25 мингта доимий янги иш ўрни яратилди.
Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасида салмоқли ишлар олиб борилди. Жумладан 2020 йилда вилоятда ишсизлар сони 150 минг нафарни, ишсизлик даражаси 11 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, ишсизлар сони 71 минг нафарга, ишсизлик даражаси эса 5 фоизга туширилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 260 минг янги иш ўринлари яратилди.
Биргина Мустақиллик байрами муносабати билан вилоятда қиймати 2,5 триллион сўмлик 46 та ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилиб, 5,5 мингта янги иш ўринлари яратилди.
Камбағалликни қисқартириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2021-2025 йилларда аҳолининг камбағаллик даражаси 21 фоиздан 9,5 фоизга туширилиб, камбағаллик икки баробарга қисқарди. Жорий йилнинг охирига қадар 33 минг оиланинг 150 минг нафар аъзосини камбағалликдан чиқариш ҳисобига камбағаллик даражасини 5 фоизга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги ишларни олиб боришда тадбиркорликни, хусусан, кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатнинг иқтисодий ривожида хорижий инвестицияларнинг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади. Вилоятда бу борада ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Кейинги 3 йил ичида қарийб 2,4 миллиард долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, жорий йилнинг ўзида 3,1 миллиард доллар қийматдаги хорижий инвестицияни ўзлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятдаги экспортер корхоналар томонидан кейинги икки йил ичида 2,2 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, экспорт ҳажми икки баробарга ошди. Жорий йилда экспорт ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш белгиланган.
Олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари натижасида Андижон республикамизнинг энг обод, кўркам ҳудудларида бирига айланмоқда, кўплаб янги-янги объектлар барпо этилмоқда.
Вилоят ҳокими вилоятда жуда кўп соҳаларда эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги, умуман, андижонликлар мустақилликнинг ўттиз тўрт йиллик тўйини муносиб ютуқлар билан нишонлаётганлигини таъкидлади.
[gallery-25069]
Шундан сўнг Президентимиз фармонига асосан, турли давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ андижонликларга унвон, орден ва медаллар топширилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида болажонлар, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, бадиий жамоалар, миллий-маданий марказлар вакиллари, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган рақс, куй ва қўшиқлар барчага ҳуш ва байрамона кайфият улашди.
Юртдошларимизга байрам шукуҳини ҳадя этаётган бу каби тантаналар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, маҳаллалари, меҳнат жамоаларида бўлиб ўтмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари