Тасаввур қилинг, бутун бир халқни аслида мавжуд бўлмаган, камситувчи ва илмий асосланмаган ном билан аташса, бу қандай оқибатларга олиб келади? XIX аср охири – ХХ аср бошларида Туркистон аҳолиси, хусусан, ўзбеклар ана шундай ғалати вазиятга тушиб қолган эди.
Россия империяси маъмурияти маҳаллий ўтроқ аҳолини “сарт” деб аташни одат қилган, бу сўз расмий ҳужжатлардан тортиб, паспортларгача кириб борганди. Бироқ, бу ном остида қандайдир этник бирлик яширинганмиди ёки бу шунчаки мустамлакачиларнинг “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” сиёсатининг лингвистик қуролимиди? Жадидчилик ҳаракатининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий 1914 йилда “Ойина” журналида эълон қилинган туркум мақолалари орқали бу масалага худди замонавий элшунос ва тарихчи каби ёндашди. У шунчаки ҳиссиётга берилмади, балки тарихий манбалар, жуғрофия ва халқ оғзаки ижодини “гувоҳликка” чақириб, “сарт” сўзининг сохта ва таҳқирловчи ёрлиқ эканини илмий исботлаб берди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг “Сарт сўзи мажҳулдур” (номаълумдир) деб номланган тадқиқотида аввало муаммонинг илдизига эътибор қаратади. У рус миссионери ва шарқшуноси Н.П.Остроумовнинг “Сартлар” китобидаги даъволарга кескин, аммо асосли раддия беради. Беҳбудийнинг таъкидлашича, “Сарт” сўзи на луғавий, на этник жиҳатдан бирор бир уруғ ёки миллатни англатмайди. У ўз даври учун янгилик бўлган усул – “дала тадқиқоти”ни қўллайди. Беҳбудий 20 йил давомида Самарқанд қозихонасида фаолият юритиб, минглаб одамлар билан мулоқот қилганини, аммо бирор марта бирор киши ўзини “Мен сартман” деб таништирганини эшитмаганини далил қилади. Бу оддий кузатув эмас, балки ижтимоий-психологик таҳлил эди: халқ ўзини уруғ-аймоғи (ўзбек, қипчоқ, найман, қўнғирот) ёки яшаш жойи (тошкентлик, самарқандлик) билан таништирган, аммо “сарт” сўзини фақат четдан келганлар ёки кўчманчи қўшнилар ҳақорат ва камситиш маъносида ишлатганлар.
Беҳбудийнинг аргументлари занжири пўлатдек мустаҳкам мантиққа қурилган. У тарихий манбаларни “сўроққа тутади”. Агар бутун бошли “Сарт” деган халқ мавжуд бўлса, нега тарихимизнинг энг ишончли ҳужжатларида уларнинг номи йўқ? Беҳбудий Алишер Навоий асарлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си, Абулғозихоннинг асарлари ва “Шайбонийнома” каби китобларга мурожаат қилади. Ушбу манбаларнинг бирортасида Туркистон аҳолиси “сарт” деб аталмаганини, аксинча, аниқ номлар билан зикр этилганини исботлайди. Бу билан Беҳбудий “Сарт” атамасининг сунъийлигини ва унинг тарихий илдизга эга эмаслигини кўрсатиб берди. Унинг ёзишича, ҳатто Амир Темур давридаги 92 ўзбек уруғи рўйхатида ҳам бу ном учрамайди. Демак, бу сўз мустамлака маъмурияти томонидан маҳаллий аҳолини ягона туркий илдиздан узиш ва уларни мавҳум, тарихи йўқ оломонга айлантириш учун қўлланилган сиёсий атама эди.
Мақоланинг энг қизиқарли қисмларидан бири – Беҳбудийнинг топонимик (жой номлари) таҳлилидир. У Самарқанд вилоятида юзлаб қишлоқлар “Найман”, “Дўрмон”, “Хитой”, “Манғит” каби уруғ номлари билан аталишини, аммо бирорта ҳам “Сарт” қишлоғи йўқлигини айтади. Агар бу халқ бор бўлса, нега уларнинг ватани, қишлоғи, ери йўқ? Беҳбудийнинг бу саволи ўша даврдаги рус этнографиясининг сохта назарияларини чиппакка чиқарди. У ҳатто оддий халқ орасидаги нақлларни ҳам эсдан чиқармайди, яъни бу атама этник эмас, балки маиший, савдо-сотиқдаги салбий муносабатлардан келиб чиққан лақаб эканини очиб беради.
Беҳбудийнинг бу кураши шунчаки атамашунослик баҳси эмасди. У миллатнинг ғурурини ҳимоя қилди. Рус маъмурияти расмий ҳужжатларида, паспортларда “сарт” деб ёзилишига қарамай, аҳоли бундан ор қилишини, ўзини бундай атамаслигини таъкидлади. У “Ойина” журнали саҳифаларида очиқчасига бу атаманинг нақадар бегона эканини кўрсатиб берди. Унинг мақсади аниқ эди: миллатни “номаълум оломон” мақомидан чиқариб, унинг тарихий, маданий ва этник илдизларига эга бўлган “Туркистон турклари” ёки “Ўзбеклар” эканини илмий асослаш. Бу жадид бобомизнинг келажак авлодга – бизга қолдирган энг катта васиятларидан бири эди: “Ўзлигингни бировлар қўйган лақабдан эмас, аждодларинг ёзган тарихдан изла”.
Бугунги кунда биз паспортимизда ғурур билан “ўзбек” деб ёздира олаётганимиз замирида, бундан бир аср муқаддам Беҳбудий каби маърифатпарварларнинг қалами билан олиб борган “жанглари” ётибди. Улар сўз учун, ном учун курашдилар, чунки билардиларки, номи йўқолган миллатнинг жисми ҳам йўқолишга маҳкумдир. Беҳбудийнинг бу тадқиқоти нафақат элшунослик, балки миллий ғурур масаласи сифатида қадрлидир.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА