Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан "Зулфияхоним қизлари" клубида жам бўлган, Зулфия номидаги Давлат мукофотининг совриндор қизлари - шоиралар ижодий ишлари тўпланиб, “Мушоира этади давом” номли баёз чоп этилди.
Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги «Овоз+» Ижодкор аёллар маслаҳат кенгаши ҳамда «Зулфияхоним қизлари» клуби томонидан нашрга тавсия қилинган.

Мазкур нашрнинг тақдимоти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтди.
Тадбирда эътироф этилганидек, адабиёт соҳасида изланаётган ижодкорлар сафида Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Ёзувчилар уюшмаси томонидан уларнинг самарали изланиши, ижод қилиши борасида зарур барча шароитлар яратилмоқда. Ижодкор қизларнинг машқлари мунтазам чоп этилмоқда. Устоз шоир ва ёзувчиларимиз улардан ўз қимматли маслаҳатини аямаяпти.

“Мушоира этади давом” адабий лойиҳасининг раҳбари – Фарида Aфрўз, адабий альманахни тўпловчи ва масъул муҳаррир – Наргиза Aсадова.
Мазкур китобга Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ топилган 67 нафар ижодкор қизнинг жами 234 та ижодий иши жамланган. Шулардан 226 та назм, 1 та драматик асар, 7 та насрдан иборат.

Адабий тадбирда мамлакатимизда истеъдодли қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар ҳақида батафсил сўз юритилди. Зулфияхоним издошлари ўз ижод намуналаридан ўқиб бердилар.
Н.Усмонова, ЎзА