“Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот марказининг “Долзарб алоқа тармоғи” – мушкул вазиятда ёрдам сўраш мумкин бўлган ишонч телефонига айланди.
Ваҳоланки, барча ташкилотларда “ишонч телефон”лари бор. Лекин уларнинг ҳаммасига ҳам ишонч йўқ. Кўпчилигига зарур вақтда туша олмайсиз ҳам. Шу жиҳатдан номи “ишонч телефони” бўлмаса ҳам ўзи ишончли тармоқ афзал.
Фақат грант маблағлари асосида хайрли ишларни амалга ошираётган бу ташкилот 2020 йилда аҳолининг ижтимоий заиф гуруҳига ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича салмоқли ишларни амалга оширди.
Чунки пандемия шароитида нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг турли давлатларида юрган мигрант ва талабалар турли муаммоларга дуч келди. Улар кўпроқ “Долзарб алоқа тармоғи”га қўнғироқ қилиб, ёрдам сўради.
Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази раҳбари Нодира Каримова пандемия шароитида одамларни нима қийнаётган бўлса, биз ўша муаммоларни имкон қадар ҳал қилишга киришдик, деб таъкидлади.

Мана шундай тез ва тўғри қарор қабул қилингани натижасида минглаб одамларга ёрдам кўрсатилди.
Айтиб ўтиш керакки, “Истиқболли авлод”нинг “Долзарб алоқа тармоғи” кўпроқ хорижий давлатларда одам савдосидан жабрланган, қулликка тушиб қолганларга амалий ёрдам беради.
Пандемия шароитида эса ташкилот ходимлари, волонтёрлари қийин аҳволга тушиб қолганларга амалий ёрдам беришни ташкил қилди. Озиқ-овқатсиз, дори-дармонсиз қолганларни аниқлаб, уларнинг манзилларини мутасаддиларга йўналтириш кенг қамровда олиб борилди. Ҳеч иложи қолмаганда, долзарб масалага журналистлар жалб этилди.
Мана шундай саъй-ҳаракатлар туфайли кўплаб одамлар эътибор, муҳими амалий ёрдамдан баҳраманд бўлди.
Республика бўйлаб қатъий карантин жорий қилинган вақтда Тошкент шаҳрида ишлаётган минглаб вилоятликлар уйларига кета олмай қолганида ҳам “Истиқболли авлод” бу ҳақда журналистлар кўмагида бонг урди. Масала Сенат раисига тақдим этилди ва ижобий ҳал бўлди. Бир кунда икки минг киши турли вилоятларга, ўз уйларига жўнаб кетди.
Карантин вақтида ҳеч нарсага қарамай кунини мардикор бозорида ўтказганлар ҳам бўлди. Ташкилот ходимлари доим уларнинг ҳузурида бўлиб, озиқ-овқат тарқатиб келди ва бу жараён давом этмоқда.
“Истиқболли авлод”нинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Аҳолининг ижтимоий заиф гуруҳига ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш” якуний конференциясида шу ҳақда сўз борди.
Қайд этилганидек, 2020 йилда ташкилотга 3 мингга яқин қўнғироқ бўлган. Қўнғироқларга ташкилот ҳуқуқшунослари, психологлари жавоб бериб, уларга, энг аввало, биринчи ёрдам, яъни керакли маслаҳат берилди. Амалий ёрдам зарур бўлган одамлар ҳақида маълумотлар ҳамкорлар – Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа давлат органларига тақдим этиб борилди.
Энг зарур ҳуқуқий ахборот ва маълумотлар, огоҳликка чорловчи шиорларни ижтимоий тармоқлар орқали кенг оммага тақдим этиш доимий йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, 12 минг ижтимоий ахборот материаллари тайёрланиб, турли тадбирлар, аҳоли гавжум бўладиган жойларда мунтазам тарқатиб келинмоқда.
USAIDнинг “Ҳуқуқий ислоҳотлар” дастури доирасида моддий қўллаб-қувватланган лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар халқаро доираларда ҳам эътироф этилди.
Тадбир давомида USAIDнинг “Ҳуқуқий ислоҳотлар” дастури фуқаролик жамияти масалалари бўйича маслаҳатчиси Раҳима Назарова “Истиқболли авлод” ташкилотининг давлат органлари, ОАВ билан фаол ҳамкорлиги, аҳоли орасига кириб, ҳақиқатда кўмакка муҳтожларни аниқлаб, уларга ёрдам ташкил этаётгани диққатга сазовор эканини қайд этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент вилояти адлия бошқармаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Тошкент тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзаро ҳамкорликда қилинган ишлари билан бир қаторда, келгусида амалга ошириладиган режалар ҳақида ҳам фикр алмашди.
Норгул Абдураимова, ЎзА