Президентимиз Шавкат Мирзиёев Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеясида жаҳоннинг турли минтақаларидаги низолар глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётганига эътибор қаратди.
Жумладан, Фаластин – Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини рўёбга чиқаришдан иборат эканлиги алоҳида таъкидланди.
Ассамблея доирасида ўтказилган йиғилишларда ҳам бу масала иштирокчилар диққат марказида бўлди. Халқаро тадбир якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларацияси ва бошқа ҳужжатларда нотинчликларга барҳам беришга алоҳида урғу берилди.
Ассамблея доирасида ЎзА мухбири Фаластин Миллий Кенгаши вице-президенти Муса Ҳадид билан шу ҳақда суҳбатлашди:
– Ўзбекистонга ушбу халқаро парламент тадбирини ўтказгани учун миннатдорлик билдираман. 150-ассамблеянинг Марказий Осиёнинг қоқ маркази – Тошкентда ташкил этилгани Парламентлараро Иттифоқ тарихида, Ўзбекистон тарихида жуда муҳим воқеа бўлди.
Биз, фаластинликлар учун ҳам бу ерда бўлиш муҳим эди. Дунё парламентлари ва жамоатчилиги Фаластиндаги воқелик ҳақида сўз юритди. Биз ҳам халқимиз чеккан азият, Ғазода содир бўлаётган геноцид, ҳар куни, ҳар лаҳзада одамларнинг ҳалок бўлиши, халқаро қонун ва инсон ҳуқуқлари бузилишлари ҳақида сўзладик.
Шунинг учун ҳам бу энг самарали платформа, бошқа парламентлар тажрибасини ўрганиш ва ўз халқимиз учун энг яхшисини амалга ошириш бўйича фикр алмашишда муҳим майдон бўлди.
Айтиб ўтишим керакки, бугунги кунда Фаластинда одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўляпти. Ассамблеяда Фаластин масаласи муҳокамаси жараёнида Ўзбекистон Президенти ҳам бунга алоҳида тўхталди. Ўзбекистон ҳамиша ўз баёнотлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги овоз бериш жараёнларида Фаластинни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бунинг учун Ўзбекистон давлати ва унинг Президентига миннатдорлик билдирамиз.
Ўзбекистон Ғазодаги геноцид пайтида жароҳатланган 100 нафар фаластинликни қабул қилди. Улар бу ерда тўрт ойдан ортиқ вақт давомида яхши шароитда ва хавфсиз муҳитда даволанмоқда. Бунинг учун ҳам алоҳида катта раҳмат. Энг катта миннатдорликни Президентимиз Маҳмуд Аббосдан унинг дўсти, таъбир жоиз бўлса, иниси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёвга билдирамиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RCDVcsj_-pY" title="Musa Hadid: Falastinni qoʻllab-quvvatlayotgan Oʻzbekiston va uning Prezidentidan minnatdorman" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ассамблеянинг кун тартибида Фаластин масаласи қўйилгани биз учун жуда муҳим. Ҳамкасблар билан кўп фикр алмашдик. Лекин ҳали ҳам баъзи мамлакатлар томонидан Фаластин ҳалқига нисбатан тушунмовчилик ёки эътиборсизлик мавжуд. Аммо биз бизга хайрихоҳларга, БМТга таянамиз. БМТ аъзоларининг кўпчилиги Фаластинни тан олиш ва уни БМТ аъзолигига қабул қилиш учун овоз берган. Бу дунё мамлакатларининг Фаластин масаласига бўлган муносабатини кўрсатади.
Ишонамизки, Фаластин эркин бўлади. Бу – бизнинг орзумиз. Бу – бизнинг келажагимиз.
Норгул Абдураимова,
Дониёр Ёқубов (видео), Анвар Аҳмедов (монтаж), ЎзА