
Самарқанд вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий ва Оқдарё туманидаги Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳларини реконструкция ва реставрация қилиш жараёнлари ҳамда вилоятдаги бошқа қурилиш лойиҳалари ҳақида маълумот бериш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Шу йил 22 март куни давлатимиз раҳбарининг Самарқандга ташрифи чоғида Имом Мотуридий ва Маҳдуми Аъзам мажмуаларида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари юзасидан тақдимот қилиниб, вазифалар белгилаб олинган эди.
Жумладан, Имом Мотуридий мажмуасида 1,5 минг кишига мўлжалланган жоме масжид, маъмурий бино қурилиши кўзда тутилган. У ерда кутубхона, мажлислар зали, инновацион музей ҳамда мутахассислар учун хоналар бўлади. Мажмуа яқинида зиёратчиларга қулайликлар яратилади. Бунинг учун ҳудуддаги 200 дан ортиқ тураржой бинолари бошқа жойга кўчирилади, мажмуага борадиган йўл кенгайтирилади.
– Имом Мотуридий бобомиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа мазҳабини ривожлантирган, муқаддас ислом дини турли фирқаларга бўлиниб кетишининг олдини олишга ҳисса қўшган ва Мотуридия таълимотига асос солган, – дейди Имом Мотуридий мажмуси раҳбари Улуғбек Амиров. – Дунё мусулмонларининг 70 фоизи ушбу таълимот асосида Ислом динига эътиқод қилади. Улуғ имом Чокардиза қабристонида дафн этилган ва бу ерда яна юзлаб алломалар, саййидлар, шайхлар, имомлар ва ғозийлар дафн қилинган. 2000 йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги муносабати билан ушбу ҳудудда мақбара бунёд этилган эди. Бу йил давлатимиз раҳбари қарорига кўра, юртимизда аллома таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади ва шу муносабат билан мажмуани реконструкция қилиш белгилангани жуда хайрли иш бўлди. Белгиланган лойиҳалар амалга ошиши билан бу маскан ҳам Самарқанднинг сайёҳлар учун замонавий қулайлик ва имкониятлар яратилган зиёратгоҳларидан бири бўлиши, шубҳасиз.
Оқдарё туманидаги Маҳдуми Аъзам қадамжоси ҳам қутлуғ зиёртгоҳлардан бири сифатида доим юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонлар билан гавжум бўлди. Чунки, 1461 йилда Наманган вилоятининг Косонсой туманида туғилган Маҳдуми Аъзам 21- аждод билан пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайви васалламга бориб тақалиши айтилади. Ёшлик чоғларида Фарғонадаги мадрасада савод чиқариб, Самарқандда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди мавлоно Муҳаммад Қозий қўлида пирлик даражасига етишади. Кейинчалик ўзи тариқат илмига доир 40 зиёд асар ёзади ва 60 нафар шогирдини пирлик даражасига етказади. Бу зот илм ва дин йўлидаги хизматлари билан улуғлик даражаси эришган ва шунинг учун унга Маҳдуми Аъзам, деб ном берилган. 1542 йилда 81 ёшида Самарқандда вафот этган. Мажмуа 1618 йилда Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир томонидан бунёд этилган ва унинг ўзи ҳам шу ерда дафн қилинган.
Мазкур мажмуа 1991-1998 йилларда таъмирланган, 2014 йилда ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Кейинги икки йил давомида масжид ва мажмуанинг бошқа объектлари қисман таъмирланган. Президентимиз ташаббуси билан мазкур мажмуа ҳам реконструкция қилиниб, ҳудудда зиёратчиларга қулайликлар яратиш мақсадида қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
[gallery-22535]
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари мазкур объектларда бажариладиган лойиҳалар билан танишди. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги темирйўл орти ҳудуди бўлган Барака, Ипак йўли, Темирйўлчилар, Майсазор, Меҳнат ва Матонат маҳаллалари ҳудудида қуриладиган 141,2 гектар майдонда аҳоли учун кўп қаватли тураржой массиви, Ўзбекистон кўчасида жойлашган ҳарбий госпитал ўрнида ташкил этиладиган истироҳат боғи ва яшил жамоат парклари, “Ширин” шаҳарчасида амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари