Фанлар академияси Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтига Хитой Халқ Республикасининг Ҳарбин муҳандислик университети делегацияси ташриф буюрди.
Мазкур университет турли соҳаларда мутахассислар тайёрлаб, бакалавриат, магистр ва докторлик даражаларини беради. Асосан муҳандислик, фан, адабиёт, бошқарув ва иқтисодиёт соҳасида мутахассисларни тайёрлашади. Асосий тадқиқот йўналиши сифатида муҳандислик, кемасозлик саноати кўрсатилади.
Учрашув давомида Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ва Ҳарбин муҳандислик университети билан ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишни режалаштириш белгилаб олинди.

—Ушбу ташрифнинг мақсади илмий тадқиқот муассасалари ўртасидаги илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бинолар ва иншоотларнинг сейсмик барқарорлиги, механизмлар ва машиналар назарияси ва суюқликлар, газ ва гидравлик ҳайдаш тизимлари механикаси соҳаларида келажакдаги ҳамкорлик ташаббусларини илгари суриш, —дейди Фанлар академияси Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти директори, физика- математика фанлари доктори, профессор Каримжон Султонов.
Учрашув сўнгида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва кадрлар алмашинуви бўйича ҳамкорлик меморандумини тузиш ва имзолашга келишиб олинди.
Бу каби халқаро ҳамкорлик масалаларидан кўзлаган мақсад эса муҳандислик соҳаларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, ўқитиш усул ва шаклларини такомиллаштириш, таълим жараёнига инновацион технологияларни жорий этиш орқали таълим сифатини ҳамда илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини янада оширишдан иборат.
Н.Раҳмонова, ЎзА