Бухорода Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташаббуси билан “Оилавий (маиший) зўравонлик ҳамда шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳамда келгусидаги вазифалар” мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинарни Бухоро вилоят суди раиси У.Рўзиев очиб, “Оилавий (маиший) зўравонлик, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчилик нормалари ҳақида гапириб, мамлакатимизда ҳар бир оила давлат ҳимоясида эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов сўзга чиқиб, ушбу тоифадаги жиноят ишлари юзасидан суриштирув, тергов органлари ҳамда судьялар томонидан қарор қабул қилишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, уларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида тўхталди.

Ушбу семинар 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида юзага келган ҳуқуқий ўзгаришлар амалиётда қандай татбиқ этилаётганини таҳлил қилишга бағишланди.

Оилавий зўравонликларнинг олдини олишда хотин-қизлар фаолларининг ўрни муҳим. Шу жиҳатдан сўз олган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги аёлларни реабилитация қилиш вилоят маркази директори Н.Раҳимова маҳаллаларда бу турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, оилада соғлом маънавий муҳитни яратиш бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталди. Бу жараёнларда “маҳалла еттилиги”, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик ҳамкорлиги ўзининг ижобий натижасини беришини таъкидлади.

Бундан ташқари, семинарда сўз олган Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ҲООБ бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Х.Тойирова ҳудудларда зўравонлик остида яшаб келаётган оилаларни ва содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни барвақт олдини олиш учун барча бирдек кураш олиб бориши лозимлигини таъкидлаб, бу масала юзасидан мавжуд муаммо ва уларни ечими бўйича таклифларни айтди.
Тадбирда иштирокчилар томонидан қонун ижроси, профилактик ишлар, жабрланганларга кўмак кўрсатиш, жиноят ишларини самарали тергов қилиш ҳамда суд амалиётида бир хил ёндашувларни таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.