Бухоро вилоятига бириктирилган Республика ишчи гуруҳининг йиғилиши аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигига кўмаклашиш бўйича таклифларни ўрганишга бағишланди.
Республика Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова бошчилигида ўтган мазкур йиғилишда Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, адлия, солиқ, инвестициялар, саноат ва ташқи савдо, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари, Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси, АТ “Микрокредит банк”, “Халқ банки”, “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг вилоят бўлимлари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят Кенгаши, Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази мутасаддилари ва барча туман-шаҳарларнинг ҳоким ўринбосарлари иштирок этди.

Вилоятда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашда муаммоларга дуч келаётган хотин-қизлар учун Республика Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова томонидан сайёр қабул ҳам ўтказилди. Унда 30 дан зиёд тадбиркор ҳамда тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган хотин-қизларнинг муаммо ва таклифлари тингланди.
Жумладан, субсидияга тикув машинаси, имтиёзли кредит олиш, ер ажратиш, солиқлар масалалари, фаолиятни кенгайтиришда ҳуқуқий маслаҳатлар сўраб қилинган мурожаатлар тингланди. Муддат ва ўрганиш лозим бўлган мурожаатлар тегишлилигига кўра масъул ташкилот ва идораларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.

Тадбиркор “BIGOSS-GROUP” МЧЖ раҳбари Наргиза Хасанова 2023 йилда ўз фаолиятини йўлга қўйган. Бошланишига 30 миллион сўм кредит олиб тикув машиналари харид қилди. Фаолиятини кенгайтирган тадбиркор бугун эркаклар ва аёллар учун дастрўмолчалар тикиб чет элга экспорт қилмоқда.

Ўтказилган сайёр қабулда ўз мурожаати билан иштирок этган тадбиркор Наргиза Хасанованинг ўрнатилган қуёш панеллари даромадининг электр тармоқлари корхонаси томонидан шартномага асосан тўлаб берилмаганлиги масаласи жойида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, республика Ишчи гуруҳи вакиллари “BIGOSS-GROUP” МЧЖ ишлаб чиқариш жараёни билан ҳам яқиндан танишди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.