ФОТОРЕПОРТАЖ
Маълумки, аксарият мактабларда аёл муаллимлар кўпчиликни ташкил этади. Ҳаётий қарашлар, интизом, масъулият ҳисси шаклланадиган мазкур таълим-тарбия босқичида эса аёл ўқитувчилар қатори эркакларнинг ўрни ҳам жуда муҳим.
Эркак ва аёл ўқитувчиларнинг биргаликда фаолият олиб бориши таълим жараёнига мувозанат олиб киради. Аёллар меҳрибонлик, сабр-тоқат ва вазминлик билан иш тутса, эркаклар қатъият, интизом ва раҳбарлик фазилатлари билан вазиятни бошқаради. Шу боис, эркак муаллимлар кўп бўлган мактабларда ўқувчиларда кучли ирода, жасурлик, ватанпарварлик ва масъулият ҳисси юқорилиги кузатилади.
Таълим-тарбиянинг тиргаги бўлган ана шундай устозлардан бири Фарҳод Нурмуратов Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги 2-умумтаълим мактабида фаолият юритади. Мазкур мактабда ҳозирда 810 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 70 нафар педагог ёш авлод таълим-тарбиясига масъул.
Фарҳод Нурмуратов меҳнат фаолиятини банк соҳасидан бошлаган бўлсада, ундаги педагогликка бўлган қизиқиш устун келиб, 2010-2014 йилларда Гулистон давлат университети Cловян филологияси факультетида таҳсил олди. Ўқишни тамомлаганидан буён эса 2-умумтаълим мактабида рус тили фанидан ўқувчиларга сабоқ бериб келаётир. Ўз касбининг билимдони бўлиш билан бирга, у таълим соҳасидаги барча янгиликларни мактаб жамоасига етказиш ва жорий этишда фаоллик кўрсатаётгани билан эътиборга тушган. Шогирдлари орасида рус тили фанидан билимлар беллашувлари, фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллаб келаётган ўғил-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Муаллимнинг доимий изланиши ва ўз устида ишлаши нафақат ўқув жараёни, балки шахсий ютуқларида ҳам акс этган. Жумладан, 2022 йилда рус тили фани ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Энг яхши рус тили фани ўқитувчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган. 2020 ҳамда 2025 йилларда “Зўр - класс” лойиҳаси доирасидаги синовларда қатнашиб, А. И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг TRKI-III C-1 халқаро тил билиш сертификатини қўлга киритган.
[gallery-25563]
Муаллимнинг шахсий ҳаёти ҳам кўпчиликка ўрнак. У ибратли оила бошлиғи, уч нафар фарзандини билимли, зукко ва одобли этиб тарбияламоқда.
Фарҳод Нурмуратов сингари соҳа вакилларининг фидокорона меҳнати, юксак билим савияси, ўз устида доимий ишлаши, ўқувчиларни юксак чўққилар сари етаклаши ҳамда ҳаётнинг қийин синовларига тоблаши – эркак ўқитувчининг мактаб ҳаётидаги мустаҳкам ўрни ва беқиёс аҳамиятини яққол тасдиқлайди. Зеро, улар ўқувчилар учун куч, жасорат ва ишонч тимсолидир.
Камола Юсупова,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА