
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи З.Турдалиев масъул қилиб белгиланган Мўйноқ туманида маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда аҳолининг доимий даромадга эга бўлишини ташкиллаштириш, томорқа ерларида деҳқончилик қилаётган, иссиқхоналар ташкил этган аҳоли билан экспортер корхоналар, брокер ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўртасида кооперация тузиш масалаларига бағишланган навбатдаги семинар машғулоти бўлиб ўтди.
Унда масъуллар томорқа ерларида иссиқхона, деҳқончилик ташкил қилган, чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланишни йўлга қўйган аҳоли фаолиятини яқиндан ўрганди.

Таъкидлаш жоиз, тумандаги 5 минг 775 та хонадондан жами 3 минг 823 тасида томорқа билан шуғулланиш имкони мавжуд. Жорий йилда жами 156 гектар ер майдонига томорқа экинларини экиш режа қилинган. Тумандаги аҳоли яшаш пунктларида уй шароитида чорвачиликни ташкил этиш бўйича чорва молларини харид қилиш учун жами 116 та хонадонга имтиёзли давр билан кредит ажратилиши таъминланди. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ҳозирги кунга қадар туманда 41 та ишлаб чиқариш ва 100 та хизмат кўрсатиш объекти фаолияти йўлга қўйилиб, уларда маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланмоқда.
Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда чорва моллари сонини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш йўналишларида жами 3 та кооперация ташкил этилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.