Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги муносабати билан Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда юртимиздаги олий таълим муассасалари, Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқанд археология институти, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази олимлари ва тадқиқотчилар қатнашди.
Конференциянинг дастлабки кунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Шаҳзод Исломов, Маҳдуми Аъзам Даҳбедий илмий-тадқиқот фонди директори Комилхон Каттаев, Самарқанд давлат университети, Эге университети турк дунёси тадқиқотлари институти, Андижон давлат чет тиллар институти профессор-ўқитувчилари Имом Мотуридий илмий мероси билан боғлиқ сўнгги тақдиқот натижалари ҳақида маъруза қилдилар.
– Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, бу йил юртимизда исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йилиги кенг нишонланмоқда, – дейди Самарқанд давлат университети доценти Шербек Равшанов. – Сана муносабати билан улуғ аллома ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этишга қаратилган халқаро ва республика аҳамиятидаги анжуманлар ўтказилмоқда, мотуридийлик таълимоти бўйича тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Бугунги анжуманда ана шу тадқиқотлар, аллома асарлари ҳақида қизиқарли, янги фактлар асосида маърузалар тинглаяпмиз ва ўзаро фикр алмашяпмиз. Конференция доирасида республика олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказларининг ёш тадқиқотчилари, магистр ва талабалари иштирокида илмий мақолалар танлови эълон қилинганди. Танловга 60 дан ортиқ мақолалар тақдим этилди ва улар орасидан энг яхшилари сараланиб, муаллифлар муносиб тақдирланди.

Конференцияда мақолалар танловида Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академияси талабаси Дилдора Пўлатова биринчи, Самарқанд давлат университети талабаси Муштарийбегим Исмоилова иккинчи ўринни қўлга киритгани маълум қилиниб, уларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус совғалари топширилди.
Анжуманнинг иккинчи кунида иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий мақбараси ва унинг атрофида айни пайтда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар. Чокардиза қабристонида дафн этилган улуғ алломалар ҳаёти ва меросини ўрганиш борасидаги тадқиқот ишлари ҳақида фикр алмашилди.
Илмий-амалий конференцияда муҳокама этилган масалалар юзасидан хулосалар ишлаб чиқилиб, келгуси тадқиқотлар йўналишларига оид таклифлар билдирилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири