Ҳар йилги анъанага кўра, йилнинг март-апрель ойларида “Бутунжаҳон жамғариш куни” ёки “Global moneyweek” Ўзбекистонда кенг кампания сифатида амалга оширилади. Ушбу ойлик доирасидаги тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан амалга оширилиб, асосий мақсад аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, молия, уни жамғариш ва ундан оқилона фойдаланишга ўргатишдан иборат.
Ойлик давомида бир қатор тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Жумладан, бутун Республика мактабларида “Очиқ дарслар”, мактаб ўқувчилари учун Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясининг нумизматика бўлимида экскурсияларни ташкил қилиш, тижорат банкларида “Очиқ эшиклар куни” тадбири, Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда жойлашган кутубхоналарда “Молиявий режалаштириш” мавзусида тренинглар бўлиб ўтади.
“Бутунжаҳон жамғариш куни” тадбирлари доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖ масъул ходимлари томонидан Тошкент шаҳридаги 14 та маҳаллада 270 нафардан зиёд мактаб ўқувчиси ва уларнинг ота-оналари учун “Молиявий режалаштириш” мавзусида интерактив маҳорат дарслари ўтказилди.
Ушбу маҳорат дарслари умумтаълим мактаб ўқувчиларининг замонавий рақамли хизматлар бозорида оқилона молиявий қарорлар қабул қилиш ва молиявий барқарор келажакни қуриш учун банк хизматларидан самарали фойдаланишга ўргатиш ҳамда молиявий инструментлар ҳақида хабардор қилиш мақсадида Марказий банк ва тижорат банклари билан биргаликда “Молиявий саводхон маҳалла” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
[gallery-22661]
Маҳорат дарсида нималар ўтилди?
Молиявий саводхонлик асослари – пулни самарали бошқаришни ўргатиш;
Жамғарма ва инвестициялар – капитални қандай кўпайтириш сирларидан бохабар қилиш;
Бюджетни режалаштириш – молиявий мақсадларни қўйиш ва уларга эришиш йўлларини ўргатиш;
“Молиявий ёстиқча” – фавқулодда ҳолатлар учун олдиндан жамғарган пул захирасини ташкил этиш ҳақида маълумот бериш.
Асосан, мактаб ўқувчилари ўртасида молиявий саводхонликни ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбир, улар томонидан молиявий режалаштиришни тушуниш ва бу соҳада оқилона қарорлар қабул қилиш ҳамда билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тренинг давомида ўқувчилар банк ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, зарур билимларга эга бўлди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бу каби дарсларда иштирок этиш бепул.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА