Улан-Баторга ташриф доирасида Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори Жавлон Ваҳобов Монголия Миллий хавфсизлик кенгаши ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти (МСТИ) директори доктор Ундрал Гомбодорж билан учрашди.
Мазкур тадбир икки муассаса ўртасида аввал ўрнатилган мулоқотнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон – Монголия эксперт ҳамкорлигида янги босқични бошлаб берди.

Музокара давомида томонлар таҳлилий марказлар даражасидаги шерикликнинг ижобий суръатини қайд этиб, минтақада барқарор сиёсий ва иқтисодий жараённи илгари суришда эксперт алоқаларини мустаҳкамлаш стратегик аҳамиятга эгалигини таъкидладилар. Мезбон институт вакили Соёлгерел Намжянинг 2023 йил октябрь ойида Ўзбекистон парламенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида фаол иштироки эътироф этилди. Шунингдек, мутахассиснинг МОХИга ташрифи, Тошкентда бўлиб ўтган сермазмун эксперт учрашувлари ёдга олинди.
Ж.Ваҳобов МОХИ номидан Шимоли-шарқий Осиёда хавфсизлик масаласи бўйича Улан-Батор мулоқотига таклиф этилгани учун миннатдорлик билдирди. МСТИ ва Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан уюштирилган ушбу анжуман минтақавий даражада самарали фикр алмашиш, биргаликда тегишли ёндашувлар ишлаб чиқиш учун муҳим майдон вазифасини ўтади.

Мўғулистон Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун муҳим ҳамкор бўлиб, экспертлар алоқаси ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, англашув муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Учрашувнинг асосий натижаси сифатида МОХИ ва МСТИ ўртасида ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат мунтазам билим алмашинуви, қўшма тадқиқот олиб бориш, минтақавий хавфсизлик, иқтисодий тараққиёт ва маданий-гуманитар каби кенг кўламли соҳаларда эксперт ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон вакили сўнгги йилларда кузатилган икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар доирасидаги тарихий воқеаларга алоҳида тўхталди. Хусусан, 2024 йил Мўғулистон Президенти Ўзбекистонга илк давлат ташрифини амалга оширди. Сиёсий алоқалар мустаҳкамланмоқда, савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлиги кўлами кенгаймоқда, гуманитар шериклик чуқурлашмоқда, Тошкентда ушбу давлат элчихонаси очилган.

Томонлар “Марказий Осиё – Шимоли-Шарқий Осиё” кенгайтирилган мулоқотини ҳам ўз ичига олган янги эксперт форматини йўлга қўйишга қизиқиш билдирди. Бу минтақавий савдо, инвестиция ва ўзаро боғлиқлик соҳасида барқарор тараққиёт масалаларини муҳокама қилиш учун қулай имконият яратади.
Жавлон Ваҳабов ҳамкорларни юртимизга жавоб ташрифи билан келишга таклиф қилиб, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасида МОХИ ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этишга чорлади.
Учрашув якунида ақлий мулоқотни янада чуқурлаштириш, қўшма эксперт ташаббусларини илгари суриш, ўзаро ҳурмат, очиқлик ва узоқ муддатли ҳамкорлик асосида икки томонлама муносабатни ривожлантиришга содиқлик тасдиқланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА