Мўғулистон парламенти бош вазир Лувсаннамсрайна Оюун-Эрдэнэни истеъфога чиқарди. Бу ҳақда “NHK” телеканали маълум қилмоқда.
Бош вазирнинг ҳокимиятдан четлатилишига унинг 23 ёшли ўғли Темуулен ҳамда келини Угуумур сабаб бўлди. Хабарда айтилишича, май ойининг ўрталарида Угуумурга тегишли “Instagram” саҳифасида турли суратлар тарқалган.
Акс этган расмларда у 5 минг доллардан ортиқ турадиган кўйлакда, 50 минг долларлик автомобилда, 5 минг долларлик сумка, қимматбаҳо дўконлардан харид қилинган пакетлар, ҳашаматли узук ва вертолётда сайр қилаётган ҳолатларда тасвирланган.
Мамлакатда нархлар ошиб бораётган бир пайтда Угуумурнинг бундай суратлари жамоатчиликда кескин норозилик уйғотди ва бу пойтахт Улан-Батор марказидаги Сухе-Батор майдонида аҳоли намойишларига сабаб бўлди.

Таъкидланишича, намойишчилар бош вазир истеъфога чиқиши ва унинг шахсий мол-мулки ошкор қилинишини талаб қилишган.
– Темууленнинг расман ҳеч қандай даромад манбаи йўқ, -деб ёзади “Медуза” нашри. – Айрим аҳоли вакиллари унинг ҳашаматли харидларини бош вазир Оюун-Эрдэнэ молиялаштирган, деб ҳисоблайди. Бу эса нафақат бош вазирнинг “халқдан чиққан одам” деган имижига зид, балки ноқонуний бойлик орттириш бўйича шубҳаларни ҳам кучайтиради.
Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух парламентни фуқароларнинг адолатга бўлган чақириқларини ҳурмат қилишга чақирган.
Маълумот ўрнида,Оюун-Эрдэнэ ўтган йилнинг июль ойидан бери коалицион ҳукуматни бошқариб келмоқда. У 30 кун ичида ўз вориси тайинланмагунча муваққат бош вазир лавозимида қолади.
Ў.Алимов, ЎзА