Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус тумани адлия бўлимига мактабгача ва мактаб таълими бўлимида ишловчи ходимлардан меҳнат таътилига чиққан вақтида соғлиғини тиклаш мақсадида бериладиган моддий ёрдам ва рағбатлантириш пуллари берилмаганлигидан норози бўлиб, ёзган мурожаатлари келиб тушди.
–Мурожаат бўлим томонидан ўрганиб чиқилиб, Нукус тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан бўлимда ишловчи 16 нафар ходимнинг ҳар бирига ҳисобланганда, жами 76 миллион 578 минг 446 сўм миқдоридаги моддий ёрдам пули берилмаганлиги аниқланди,–дейди туман Адлия бўлими бошлиғи Абилқасим Отеулиев.–Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 25-моддасининг 7-кичик бўлимида ходимларга берилиши лозим бўлган иш ҳақини ушбу Кодекс, жамоат шартномаси, ички меҳнат тартиби қоидалари ва бошқа ички ҳужжатларга, меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланган муддатларда тўлиқ тўлаш юклатилган.
Нукус тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими жамоавий шартномасининг 49-бандида "Навбатдаги меҳнат таътилига кетаётган ходимга иш берувчи томонидан (ходимнинг) соғлиғини тиклаши учун қўшимча моддий ёрдам берилади" деб кўрсатилган ва тўланиши белгиланган бўлса ҳам амалга оширилмаган. Бу билан Нукус тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси ва Мактабгача ва мактаб таълими бўлими жамоавий шартномасининг талаблари бузилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 281-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган “Кафолатли қўшимча тўловлардан ташқари иш берувчи ходимларга ушбу Кодексда, қонунчиликда, жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, шунингдек, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланган бошқа кафолатли қўшимча тўловларни амалга ошириши шарт" деб белгилаб берилган.
Мурожаатда кўрсатилган қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва йиллик меҳнат таътилига чиққан вақтда тўланадиган моддий ёрдам пуллари тўланишини таъминлаш мақсадида Нукус тумани адлия бўлими томонидан туман мактабгача ва мактаб таълим бўлимида ишловчи 16 нафар ходимнинг манфаатини кўзлаб, тўланиши лозим бўлган жами 76 миллион 578 минг 446 сўм миқдоридаги моддий ёрдам пулларини ундириб бериш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига даъво аризаси киритилиб, суд томонидан қаноатлантирилди ва пуллар ундириб берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири