Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, комплекс ижтимоий-иқтисодий вазифалар ижросини таъминлашда республикамиздаги банкларнинг ўрни юқори.
Хусусан, банк тизимида мижозлар учун қулай ва тезкор хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш замон талабидир. Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида «Микрокредитбанк» АТБ томонидан ўтказилган матбуот анжуманида мазкур банкда олиб борилаётган лойиҳалар таҳлил қилинди.
Тадбирда «Микрокредитбанк» АТБ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари А.Ҳамидов трансформация жараёнлари хусусида маълумот берди.
Халқаро «Price Waterhouse Coopers» (PWC) консалтинг компанияси билан ҳамкорликда «Микрокредитбанк»нинг 2022-2025 йилларда ривожлантириш стратегияси» ва трансформация «Йўл харитаси»га мувофиқ 6 та устувор йўналишдаги 33 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Мижозлар учун қулай ва тезкор хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида банк филиалларини ихчам банк хизматлари марказлари ва офисларига айлантириш ишлари олиб борилди. Ҳозирда ҳудудларда банкнинг 136 та хизмат кўрсатиш марказлари ва офислари ҳамда 437 та 24/7 шохобчалари орқали аҳолига узлуксиз банк хизматлари кўрсатилмоқда.
2023 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, 1 млн. 470 минг жисмоний ва 251 минг 532 юридик шахсга, яъни жами 1 млн. 722 минг нафар мижозга хизмат кўрсатилмоқда. Ўтган даврда 8 та лойиҳа «BIG4» халқаро консалтинг компаниялари билан амалга оширилди. Жумладан, жорий йил якунига қадар «Ernst & Young» компанияси билан риск менежмент тизимини такомиллаштириш ишлари якунига етказилади.
Шунингдек, «Deloitte & Touche» компанияси билан Таваккалчиликка асосланган ички аудит, Коррупцияга қарши назорат, Ички назорат ва санкциявий комплаенс тизимларини такомиллаштириш ишларини тугатиш мақсад қилинган.
[gallery-15052]
Банкда KPI тизими жорий этилиб, бош офис ва филиал ходимлари индивидуал кўрсаткичлар бўйича рағбатлантирилмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида мижозларга янги замонавий ва рақобатбардош Маврид мобил иловаси тақдим этилди. Илова орқали 36 та дан ортиқ онлайн хизматлардан фойдаланиш мумкин бўлиб, бугунги кунда 418 мингдан зиёд мижозлар ундан фойдаланмоқда.
Bank Call маркази замонавий дастур билан таъминланди. "Soft collection" кредитларни ундирув тизими йўлга қўйилди, кредит қарздорликларни ундириш бўйича автомат чиқувчи қўнғироқлар амалга ошириш IVR дастури жорий қилинди.
CRM, Skoring ва BPM тизимлари амалиётга татбиқ қилинди.
Банкда андеррайтинг тизими жорий этилиб, жисмоний шахсларга бериладиган барча кредитлар скоринг тизими орқали ажратилмоқда. Юридик шахслар учун 24 турдаги модулли кредитлар жорий этилди.
Банкнинг ихтиёрий Хизмат кўрсатиш марказларидан ҳисоб рақамларини бепул бошқариш каби қатор қулайликлар яратиш мақсадида банк филиаллари «Ягона МФО» тизимига ўтказилди.
Тадбирда 2024 йилда банк томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.
Жумладан, янги жорий қилинган мобил илованинг имкониятларини кенгайтириш, KPІ тизимини автоматлаштириш, мижозлар эҳтиёжлари ва шикоятларини онлайн тарзда тўплаш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш учун ситуацион марказ ташкил қилиш, кредит конвейерини юридик шахслар учун тўлиқ жорий қилиш бўйича гапириб ўтилди.
Матбуот анжумани давомида «Микрокредитбанк» АТБ масъул ходимлари журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб беришди.
Марҳабо Мадаминова, ЎзА