Миср, Франция ва Иордания қўшма баёнот эълон қилиб, халқаро ҳамжамиятни Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётни зудлик билан тўхтатиш чораларини кўришга чақирди. Уч давлат раҳбарлари бегуноҳ аҳолини ҳимоя қилиш, жабрланган ҳудудларга гуманитар ёрдам тўсиқсиз киришини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган.
Ушбу чақириқ душанба куни Қоҳирада Миср Президенти Aбдул Фаттоҳ Ас-Сиси, Франция раҳбари Эммануэль Макрон ва Иордания Қироли Aбдулла II иштирок этган саммит якунида тасдиқланган қўшма ҳужжатда акс этган. Етакчилар 19 январдаги алмашув битимини зудлик билан амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган. Бу келишув барча учун хавфсизликни таъминлаган ҳолда, гаровга ва ҳибсга олинганлар озод этилишини кафолатлайди.
Баёнотда тинч аҳоли ва инсонпарварлик ходимларини ҳимоя қилиш, шунингдек инсонпарварлик ёрдами етказиб беришдан тўлиқ фойдаланиш халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятлиги, бунга риоя қилиниши шартлиги алоҳида қайд этилган. Шунингдек, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги вазият ёмонлашувидан хавотир билдирилиб, икки давлат тамойили ечимининг ҳаётийлигига таҳдид солувчи, кескинликни кучайтирувчи бир томонлама чораларни тўхтатишга чақирилган.
Макрон, Aбдуллоҳ II ва Ас-Сиси фаластинликлар кўчирилиши ёки ҳудудларнинг ҳар қандай аннекциясига қарши позицияни яна бир бор тасдиқлаган. Халқаро ҳамжамият Миср томонидан тайёрланган Ғазо учун араб-ислом қайта тиклаш режасини қўллаб-қувватлашга чақирилган.
Мазкур қўшма баёнот сўнгги ҳарбий амалиёт оддий аҳоли орасида сезиларли қурбонлар берилиши, инфратузилма вайрон бўлиши орқали сектордаги вазият ёмонлашуви асносида қабул қилинди. Халқаро ҳамжамият можаро авж олганидан хавотир билдириб, зудлик билан қарши чоралар кўриш зарурлигини таъкидлаган.
Ҳафта бошида Франция, AҚШ, Миср ва Иордания етакчилари телефон орқали мулоқот қилиб, Ғазодаги вазиятни муҳокама қилган, мунтазам ўт очишни тўхтатишга эришиш ва жабрланганларга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш лозимлигини таъкидлаган эди.
Халқаро ташкилотлар ва турли мамлакатлар раҳбарлари жаҳон ҳамжамиятини бегуноҳ аҳолини ҳимоя қилиш, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш муҳимлигини таъкидлаб, зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, можарога тинч йўл билан ечим излашга чақиришда давом этмоқда.
Aввалроқ Ғазога инсонпарварлик ёрдами ўтиши тўхтагани ҳақида хабар берилган эди. Исроил сектордаги ҳарбий амалиётни кенгайтирган.
Франция ва Саудия Aрабистони июнь ойида Фаластин бўйича конференция ўтказиши кутиляпти.
Г.Сатторова, ЎзА