Бугун ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда дастлаб давлатимиз раҳбарининг 5 август куни Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” миллий туризм ҳудудида бўлиб ўтган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясидаги иштироки ва унда илгари сурилган таклиф-ташаббусларнинг минтақамиз ва мамлакатимиз тараққиётидаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, Президентимиз халқаро транспорт коридорлари ва инфратузилманинг жадал ривожлантирилиши устувор йўналиш эканини таъкидлади. Асосий лойиҳалардан бири Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон темир йўли қурилишидир. Унинг Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон магистрали билан боғланиши янги савдо-иқтисодий макон учун асос яратади ва минтақанинг глобал логистикадаги ролини кучайтиради.

Форум келишувларини амалга ошириш барча мамлакатларнинг географик хусусиятларидан қатъи назар, манфаатларига жавоб берадиган дунё миқёсидаги адолатли, барқарор ва инклюзив тизимни шакллантиришга ёрдам бериши таъкидланди.
Шундан сўнг фракция йиғилишида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил”иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2025 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан ҳисобот ҳамда бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.

Хусусан, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси электрон тижорат операторлари фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабардор қилиш тартиби билан боғлик қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этади.
Шунингдек, электрон тижоратни ривожлантириш бўйича қўшимча қонун ҳужжатларини охирги ўзгартишларга мувофиқлаштиришга ёрдам беради.
Муҳтарама Комилова, ЎзА