24–25 сентябрь кунлари Беларусь пойтахти Минск шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг Космик масалалар бўйича Давлатлараро кенгашининг 6-йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Ўзбекистон делегацияси “Ўзбеккосмос” агентлиги раҳбарлигида қатнашди. Шунингдек, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон вакиллари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси мутасаддилари ҳам иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон 2024–2025 йиллардаги раислик даврида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этиб, миллий космик соҳани ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида ахборот берди. Кун тартибидаги 21 масала юзасидан қарорлар қабул қилиниб, навбатдаги раислик расман Беларусь Республикасига топширилди.
Шу билан бирга, иштирокчи давлатлар 2028 йилда Халқаро астронавтика конгрессини ўтказиш учун Самарқанд шаҳри номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашини маълум қилишди.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА