10 ноябрь – Кўчиб юрувчи ҳайвонлар куни
Ер сайёрасидаги ҳар бир жонзот, ўсимлик ва ҳайвонот олами она табиат яхлитлигини, экотизим бутунлигини ташкил этади. Жумладан, ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари сайёрамиз экотизимларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Аммо сўнгги вақтларда Ер шарида содир бўлаётган экологик муаммолар — иқлим ўзгариши, ўрмонларнинг, яйловларнинг қисқариши, сув танқислиги, чўлланиш каби муаммолар бу турдаги ҳайвонларга хавф-хатар туғдирмоқда.
Кўчиб юрувчи ҳайвонлар куни эса инсониятни Ер юзида эркин саёҳат қилувчи, лекин инсон фаолияти туфайли тобора хавф остида қолаётган ҳайвонлар ҳақида ўйлашга ундайди.
1979 йилда Германиянинг Бонн шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенцияси имзоланган ва 1983 йилда кучга кирган. Мазкур Конвенцияга 133 давлат аъзо. Жумладан, Ўзбекистон ҳам 1998 йилда мазкур Конвенцияга қўшилган.
БМТнинг ушбу ҳужжати кўчиб юрувчи ҳайвонлар ўтадиган давлатларни, полигон штатларини бирлаштиради, халқаро миқёсда келишилган табиатни муҳофаза қилиш чоралари учун ҳуқуқий асос яратади.
Кўчиб юрувчи ҳайвонлар фаслларга, озуқа ёки кўпайиш жойларига қараб минглаб километр йўл босиб ўтувчи мавжудотлардир. Улар орасида қушлар, китлар, дельфинлар, буғулар, антилопалар ва ҳатто, капалаклар ҳам бор. Ҳар бир саёҳат ҳаёт учун курашдир.
Афсуски, маълумотларга кўра, бугун мингдан ортиқ кўчиб юрувчи тур йўқолиб кетиш хавфи остида. Бунга табиий яшаш жойларининг қисқариши, иқлим ўзгариши, йўллар, электр тармоқлари ва урбанизация, пластик чиқиндилар ва сув ифлосланиши каби омиллар сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистонда ҳам ҳар йили турналар, фламинголар, лайлаклар узоқ масофаларни босиб ўтади. Аммо уларнинг сони аста-секин камаймоқда. Бу эса огоҳлантириш бўлиши мумкин.
Кўчиб юрувчи ҳайвонлар уруғларни тарқатади, ҳашаротлар сонини меъёрда ушлаб туради, сув ва ер экотизимларини боғлайди, бир сўз билан айтганда, биологик хилма-хилликни сақлашда муҳим ўрин тутади. Уларнинг камайиши ёки йўқолиб кетиши табиатдаги мувозанат бузилишига, биохилма-хиллик йўқолишига олиб келади. Шундай экан, табиатнинг муҳим қисми бўлган ҳайвонларни асраш, уларга зарар етказмаслик инсониятнинг табиат ва ҳайвонот олами олдидаги муҳим вазифаси бўлмоғи лозим.
Муҳтарама Комилова, ЎзА