Кеча Чирчиқ шаҳридаги Жисмоний тарбия ва спорт университетининг «Универсал спорт саройи»да ўзбек жанг санъати бўйича мамлакат чемпионати баҳслари старт олди.
Кун давомида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Мусобақа давомида чемпионатнинг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Бугун 1000 нафардан ошиқ спортчи иштирок этаётган турнирда катталар ўртасида беллашувлар бўлиб ўтади.
2009 йилда ташкил этилган Ўзбек жанг санъати федерацияси ушбу спорт турини оммалаштириш, машғулотларни юқори савияда ташкил этиш, спортчиларнинг маҳорат ва тажрибасини ошириш ҳамда малакали мураббийлар тайёрлашга эътибор қаратмоқда. Айни пайтда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги тўгаракларда 40 мингга яқин ўғил-қиз ўзбек жанг санъати билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
[gallery-27546]
Шунингдек, ўзбек жанг санъати аъзолари учун Ватанга садоқат, аждодлар меросига ҳурмат, ҳалол кураш, жасорат ва инсонпарварлик каби қадриятларни ўзида мужассам этган махсус қасамёд жорий этилган.
Мамлакат чемпионатида мураббийлар ҳам ушбу қасамёдни қабул қилиши режалаштирилган.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА