
Қарши шаҳри. Тонгги 8:00. Мустақиллик шоҳ кўчаси бўйлаб “Миллий қадриятларинг билан хуш келдинг, баҳор” номли халқ сайлига старт берилди. Миллий урф-одатлар, қизиқарли чиқишлар ва кўплаб ёқимли лаҳзаларга бой бўлган халқ сайлида воҳамиз спортчилари ҳам муносиб қатнашди.
Миллий юриш марафонида ўзбек миллий либослари ва дўппиларимизни кийиб олган хотин-қизлар, ёшлар ҳамда Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, вилоят яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби ҳамда Қашқадарё вилоят футбол академияси спортчилари байрамга ўзгача кайфият бағишлади.
Марафон иштирокчилари шоҳ кўча бўйлаб вилоят мусиқали драма театри олдигача бўлган масофани босиб ўтди. Байрам сайли концерт дастурига улашиб кетди.
[gallery-22265]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари