Жасмина Шералиева – овози бетакрор ёш хонанда. У 2007 йилда Шаҳрисабзда туғилган. Дастлаб умумтаълим мактабида, кейинчалик Қаршидаги ихтисослашган санъат мактабида таҳсил олди. Ҳозирда Гулистон давлат университети санъатшунослик факультетининг 1-босқич талабаси.
Жасмина мамлакатимизда бўлиб ўтган бир қатор мусиқий танловларда, фестивалларда муваффақиятли қатнашиб, совринли ўринларга сазовор бўлган. Изланишлари, истеъдоди сабабли у 2025 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб топилди.
Ёш ижрочининг куйлашини тингларканман, хаёлимдан фақат бир фикр ўтди. Йиллар оша бу сеҳрли овоз соҳибаси ўзлигини, миллийлигини, самимиятини ва беғуборлигини ҳозиргидек сақлаб қолсин! Зулфияхонимнинг санъат йўналишидаги бу издошига бир неча саволлар билан юзландик:
–Зулфия номидаги Давлат мукофоти энг муносибларга топширилади. Сизнинг ушбу мукофотга муносиб кўрилишингизга асосий сабаб нимада, деб биласиз?
– Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб кўришганининг асосий сабаби — ёш бўлишимга қарамай, мақом санъати йўналишида фаол ижод қилишим ва миллий маданиятимизни асраш ҳамда ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшаётганимда бўлса керак, деб ўйлайман. 17 ёшда бўлсам-да, анъанавий мақом санъатини чуқур ўрганиб, уни тингловчиларга, айниқса, ёш авлодга етказишга интиляпман. Инсон меҳнатсевар, интилувчан, изланувчан, фаол, ўзи танлаган соҳага садоқатли бўлса, машаққатлардан чўчимаса, ютуқларга эришаркан. Айни фазилатларим ушбу мукофотга муносиб кўришларининг асосий сабаблари бўлди, деб ҳисоблайман.
– Санъат оламига кириб келишингизга нима туртки бўлган?
– Бу йўлда энг катта туртки оилам ва ота-онамнинг қўллаб-қувватлаши бўлган. Оиламизда 3 нафар қизмиз. Отам ҳар доим мақом санъатига қизиқишимни ва шу йўналишда ижод қилишимни чин дилдан истаганлар. Биринчи устозим ҳам айнан отам бўлганлар — улар менга санъатга муҳаббатни, сабр ва фидойиликни ўргатганлар. Кейинчалик эса мақом санъатининг дарғаларидан бири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева ҳузурларида таҳсил олиб, бу йўлдаги билим ва маҳоратимни янада чуқурлаштирдим. Санъатга бўлган қизиқишим ва муҳаббатим ҳам ота-онамнинг дуолари, ҳам устозларимнинг беқиёс меҳнатлари туфайли мустаҳкамланди.
– Бугун яхши қўшиқлар билан мухлисларнинг кўнглини олиш осон эмас. Бошқа йўналишни танлашингиз ҳам мумкинмиди?
– Дарҳақиқат, бугун яхши қўшиқлар билан мухлислар меҳрини қозониш осон эмас, албатта. Бошқа йўналишни танлашим ҳам мумкин эди. Ёшлигимда спорт, айниқса, каратэга жуда қизиққанман. Мақом йўналишида ижод қилмаганимда, шубҳасиз, каратэ билан жиддий шуғулланган ва бу соҳада ўз ўрнимни топган бўлардим. Aммо санъатга бўлган чексиз муҳаббат мени мақом оламига етаклади ва бугун шу йўлда фаолият юритаётганимдан жуда фахрланаман.
– Зулфия номидаги Давлат мукофоти ёш ижрочи сифатида сизга нималар берди?
– Зулфия номидаги Давлат мукофоти ёш ижрочи сифатида менга жуда катта имкониятлар ва янги уфқларни очиб берди. Бу мукофот нафақат ижодимга бўлган ишончни мустаҳкамлади, балки масъулиятимни ҳам оширди. Мукофотга муносиб топилганимдан сўнг, Наврўз байрами тантаналарида устозим, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева билан биргаликда Президентимиз ҳузурида қўшиқ куйлаш бахтига муяссар бўлдим! Бу ҳаётимдаги унутилмас ва ёрқин, ғоят ҳаяжонли воқелик эди! Бу мукофот менинг санъатдаги ишончли қадамларимни янада мустаҳкамлади ва келажакдаги фаолиятим учун катта илҳом манбаи бўлди.
–Ижодий изланиш ва баркамоллик сизга доим ҳамроҳ бўлсин!
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова суҳбатлашди.