Инсоният онги, тафаккури ўсиб боргани сари дунё тарихида кийимга бўлган эҳтиёж юзага келган. Шу боис кийим тараққиётнинг энг қадим даврларида пайдо бўлди. Кийимлар инсон ҳаётини безайди, эстетик завқ бағишлайди, ўзлигини намоён этади ва турли табиий шароитларда ҳаёт кечиришларида қулайлик туғдиради.
Кийимлардаги ўзига хослик эса миллатнинг шаклланиши билан боғлиқ бўлиб, бунда шаклланишнинг асосий омилларидан бири бўлган ҳудуд муҳим ўрин тутган. Ҳудудларнинг жойлашуви, иқлими, шарт-шароит ва эътиқоди асосида ўзига хос миллий либослар шаклланиб келган.
Минтақамизда ҳам ана шу каби хусусиятлар асносида миллий кийимларимиз яратилди ва кўп йиллик тарихга эга. Ўзбек миллий либослари хушбичим, ёрқин, чиройли ва қулай бўлиб, халқимизнинг бой маданий анъаналари ва турмуш тарзининг бир қисми ҳисобланади.
Эркаклар либосининг асосини чопон, тўн ташкил этиб, у белга қийиқ (кичикроқ рўмол) билан боғланади. Анъанавий бош кийим сифатида дўппи кийилса, танага асосан пахтали матодан кўйлак-шимлар танланган. Оёқ кийим учун махси ва чармдан тикилган этиклардан фойдаланилган.

Ўзбек аёллари кийимларида эса адрас, атлас ва бошқа гулдор матолардан кенг фойдаланилган. Байрамона кийимлар олтин ёки кумуш рангли кашталар билан тикилган. Бош кийимлари дўппи, шарф, салла кабилар ҳисобланади. Дўппи ёш ўзбек аёллари ва барча эркаклар учун бирдек оммалашган бўлиб, номи туркий “тубе” — “юқори, тепа” деб таржима қилинади. Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида ўзига хос дўппи бўйи ва нақшлари бор.
Олтин ёки кумушдан ясалган заргарлик буюмлари ҳар доим барча ёшдаги ўзбек аёллари либосига қўшимча бўлиб келган. Илмий манбаларга қараганда, каштадўзлик нақшлари ҳам тасодифий танланмай, чизмадан кийим эгасининг ижтимоий мавқеи англашилган. Мисол учун, аёллар либосидаги кўк ва бинафша рангларнинг кенг ифодалангани эрининг юқори мавқеи ҳақида гапирса, яшил рангли нақшлар деҳқон ва ҳунармандлар томонидан ишлатилган. Ранглар ва нақшлар ҳашамдорлик, тўкин ҳаёт, камтарлик ва меҳнаткашлик каби кўплаб маъноларни ўзида жамлаган.
Демак, миллий либослар нафақат миллатимиз кўркини, балки маънавий мафкурамизни ва дунё тамаддунида тутган ўрнимизни ҳам намоён этади. Ўзбек либослари нафақат анъанавий, балки замонавий кўринишда ҳам кенг тарқалиб, кўплаб дизайнерлар миллий мато ва нақшларга янгича сайқал бермоқда. Бу орқали ёшларимиз орасида миллий анъаналаримизнинг давом этаётгани қувонарлидир. Бугун миллий матолардан тайёрланган замонавий кийимлар, камзул ва уст-бош буюмларини кийган ўғил-қизларимизни кўплаб учратиш мумкин. Зеро, миллий либослар нафақат ташқи кўринишнинг гўзаллиги, балки маънавий тарбиянинг ҳам муҳим воситасидир.

Миллий кийимларни кийиш ёшлар онгида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат ва тарихга ҳурмат туйғуларини шакллантиради. Миллий либослар орқали ёшлар ўз илдизларига, аждодларининг ҳаёт тарзига ва қадриятларига янада яқинлашади. Бу эса уларнинг ўзини таниши, маданий ўзлигини англаш ва маънавий етук шахс сифатида шаклланишига хизмат қилади.
Шунингдек, миллий кийимлар одоб-ахлоқни, соддаликни, ор-номусни қадрлашга ундайди. Қизлар орасида адрас, атлас каби матолардан тикилган либослар кийиш – уларни хушмуомала, одобли ва эстетик дид, нафислик билан тарбиялашга ижобий таъсир кўрсатади. Ўғил болалар эса миллий кийимлар орқали мардлик, жасорат, туркий халқларга хос ғурур ва бир сўзлилик каби хислатларни ўзида мужассамлаштира олади.
Ўқув муассасаларида миллий кийим кийиш кунларининг жорий қилиниши эса бу анъанани мустаҳкамлашга хизмат қилиб, ёшлар орасида қадриятларимизга нисбатан ҳурматни оширмоқда. Дунё миқёсида ёшлар онгини турли ёт таъсирлар воситасида эгаллаш, оммавий маданиятни сингдириш, ўзга миллатлар либосларига кўр-кўрона эргаштириш ва бу орқали ўз йўлига оғдириш борасида жуда катта ғоявий кураш кечаётган ҳозирги даврда бу жуда муҳим аҳамият касб этади, ёшларимиз учун мустаҳкам иммунитет вазифасини бажаради.
Бир сўз билан айтганда, ўзбек миллий кийимлари – бу оддий матолардан тикилган, тайёрланган либос ва буюмлар эмас, балки тарих, санъат, маданият ва ўзлик тимсолидир. Улар нафақат тўй, маърака, маросимларда, балки кундалик ҳаётда ҳам ўрнини топиб бориши лозим. Уларни асраш, авайлаш, янги авлодга етказиш ҳар биримизнинг Ватан ва миллатимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздир.
Дилфуза ЖЎРАЕВА,
журналист,
ЎзА