Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун “Миллий армия — бизнинг шарафимиз ва ғуруримиз” шиори остида Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига маънавий-маърифий экскурсиялар ташкил этилди.
Экскурсия давомида дастлаб Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрилди. Музейда буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурнинг ҳаёти, ҳарбий юришлари, давлат бошқаруви ҳамда бой тарихий мероси ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Ноёб тарихий ашёлар, ҳужжатлар ва экспозициялар ҳарбий хизматчиларда миллий ўзликни англаш, аждодларимиз жасоратидан ибрат олиш туйғуларини янада кучайтирди.


Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида Ватан озодлиги ва тинчлиги йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотирасига бағишланган ёдгорликлар билан танишди. Боғдаги экспозициялар иштирокчиларда фахр, ғурур ва Ватанга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Мазкур экскурсиялар нафақат тарихий билимларни бойитди, балки ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун чуқур маънавий аҳамият касб этди.


Умуман олганда, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар армия ва жамият ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлаб, “Ватанга хизмат — олий бурч” деган ғояни ёшларнинг қалбига янада чуқурроқ сингдиришга хизмат қилади.

Н.Раҳмонова, ЎзА