Жорий йилнинг декабрь ойида Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ўтказилган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг сессиясида қорақалпоқ миллий мусиқа маданиятининг ажралмас қисми бўлган “Қўбиз ва жиров ижрочилик санъати” ҳамда аждодлардан мерос бўлиб келаётган миллий урф-одатларимиз ва бунёдкорлик маданиятини ўзида мужассам этган “Қора уй” (ўтов) қуриш анъаналари ЮНЕСКО нинг халқаро рўйхатларига киритилиши халқимизга катта хурсандчилик ва ғурур бағишламоқда.
Дарҳақиқат ўтов қорақалпоқ халқининг ижодий маданияти, уй-жой қурилиши ва меъморчилик билимлари жамланган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маданий мероси ҳисобланади. Унинг 6, 8, 12 қанотли тури бор. Одатда 6 қанотли уйлар ёш оилалар учун махсус тикилган, 8 қанотли уйлар эса оиладагилар сони кўпайганидан сўнг ишлатилган. Энг йириги – 12 қанотли уй ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтов(қора уй)ни ҳар қандай ёғочдан ясаб бўлмайди. У чидамли, эгилувчан толдан ишланади..
Ўтов тиклашда ишлатиладиган ашёлар тайёрлайдиган усталарни “уйчи” дейишади. Бу касб уларга ота мерос. Қорақалпоғистон ҳудудининг аксарият қисмида ана шундай усталар бўлган ва улар яшайдиган қишлоқлар “уйчи овул” деб юритилган. Бундай номдаги қишлоқларни ҳозир ҳам учратиш мумкин.
Миллий урф-одат ва анъаналаримиз ҳамда ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган ҳунармандчилик санъатини асраб-авайлаб, авлоддан-авлодга етказишда усталарнинг ўрни алоҳида. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси вакиллари билан биргаликда Чимбой туманида бир неча йилдан бери қора уй ясаш касби билан шуғулланиб келаётган якка тадбиркор Нурман Исмоиловнинг фаолияти билан танишдик.
Ўттиз йилдан буён “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси Н. Исмоилов миллий анъаналаримизга амал қилган ҳолда, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган юксак ҳунар - қора уй тайёрлаш санъатини муносиб давом эттириб келмоқда. У ўз фаолиятини 1990 йилда отаси, қора уй қуриш бўйича машҳур ҳунарманд Жанабай Исмоиловнинг шогирди сифатида бошлаган. Уста отасининг меҳнатсеварлиги, моҳирлиги ва санъатга бўлган садоқатини ўзига намуна қилиб, 1994 йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркор (ҳунарманд) сифатида иш бошлади. Бугунги кунга қадар у қора уй қуриш сирларини республикадаги иқтидорли шогирдларига ўргатиб келмоқда.
Н.Исмоилов ясаган қора уйлари хорижлик санъат ихлосмандлари томонидан ҳам юқори баҳоланиб, дунё бўйлаб кенг эътироф этилмоқда. У ҳар бир ишида миллий анъана, бадиий безак, мукаммал шакл ва кўринишларни уйғунлаштирган ҳолда юртимизнинг қадимий қўл меҳнати анъаналарини асраб-авайлаб, уларни кейинги авлодга етказишни ўзининг бурчи деб билади. У ҳар йили республика миқёсидаги йирик тадбирларда – “Наврўз”, “Мустақиллик” байрамларида, ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркалари ва халқаро танловларда фаол иштирок этиб келмоқда.
[gallery-26778]
Унинг меҳнати муносиб баҳоланиб, бир қатор мукофотларга сазовор бўлган. “Ташаббус-2002” ва “Ташаббус-2008” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси ғолиби бўлган. “Ташаббус-2015” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида эса иккинчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, 2008 йилда Москва шаҳрида ўтказилган халқаро танловда, 2015 йилда Тошкент шаҳридаги танловда, 2024 йилда Қозоғистон Республикасида ўтказилган халқаро танловда иштирок этган.
Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг сессиясида “Қўбиз ва жиров ижрочилик санъати” — зудлик билан муҳофаза қилишга муҳтож бўлган номоддий маданий мерос рўйхатига, иккинчиси эса — “Қирғиз, қозоқ ва қорақалпоқ ўтовларини барпо этишга оид анъанавий билим ва кўникмалар” номли умумий номинация доирасида Репрезентатив рўйхатга киритилиши ушбу санъат турларини илмий ўрганиш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятлар очиб беради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/oQMUKpIE298" title="Milliy an’analarni asrab-avaylab kelayotgan mohir usta" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА мухбирлари