
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” университетида “Миллий анъана ва қадриятлар” фестивали ўтказилди. Унда университет ходимлари, ҳамкор муассасалар вакиллари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Фестиваль ёшларда миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизга ҳурмат, Ватанга садоқат каби туйғуларни юксалтириш, уларни маънавий баркамол шахс сифатида шакллантириш мақсадига қаратилди.
Байрамнинг қадрли анъаналаридан бири – сумалак сайли бирдамлик ва аҳилликда ташкил этилди. Дошқозонда сумалак тайёрланиб, фестиваль иштирокчиларига улашилди. Шунингдек, миллий таом – палов тайёрлаш бўйича чемпионат ўтказилиб, унда талаба-ошпазлар ўз маҳоратини намойиш этди.
[gallery-22688]
Тадбир давомида миллий халқ ўйинлари ва спорт мусобақалари ҳам қизғин тус олди. Баҳодир полвонлар кураш майдонида беллашиб, мухлислар олқишига сазовор бўлди. Айниқса, дорбозларнинг мураккаб ва ҳаяжонли чиқишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди. Шу билан бирга, ташриф буюрувчилар ҳаво шарида учиш имкониятига ҳам эга бўлиб, бу жараён барчага ёрқин лаҳзаларни ҳадя этди.
Фестивалда қатор хорижий давлатларнинг юртимиздаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари ҳам иштирок этди. Улар ўз мамлакатларининг урф-одат ва анъаналарини акс эттирувчи кўргазмаларини намойиш этди. Бу халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Ўзбекистон давлат филармонияси жамоаларининг байрамона концерт дастури, ёш ижрочиларнинг чиқиши, университет талабалари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари фестивалга янада файз бағишлаб, барчага хуш кайфият улашди.
Камола Юсупова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА