Февраль ойи наинки мамлакатимиз, балки жаҳоннинг аксарият давлатларида навоийхонлик, бобурхонлик, умуман мумтоз адабиёт ойлиги сифатида кенг нишонланмоқда. Аслида бу азиз сиймоларнинг ижодий меросини ҳар ким ва ҳар куни ўқиши, уқиши кераклигини устозларимиз, адабиётшунос олимлар доим таъкидлайдилар.
Халқимизга Ҳазрат Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари алломаларимизнинг адабий меросини беками-кўст етказишда атоқли олима, Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниеванинг хизматлари беқиёс.
Маълумотларга кўра, Суйима Ғаниева 1932 йил 20 февраль куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1952 йилда Ўрта Осиё давлат университети - ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Шарқшунослик факультетини тамомлаган эди.

1953-1956 йилларда Ленинград давлат университети аспирантурасида таълим олган.
Суйима опа меҳнат фаолиятини 1956 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти кичик илмий ходими сифатида бошлаган эди. Шу йили буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ижодига бағишланган номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти илмий котиби, Тошкент давлат консерваториясида кафедра мудири, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори лавозимларида фаолият кўрсатган.
Суйима Ғаниеванинг илмий фаолияти давомида мумтоз адабиётимизга оид 14 та монография, 350 дан зиёд илмий-назарий мақолалари мамлакатимиз ва халқаро илмий нашрларда чоп қилинган, 20 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмалари республика олий таълим муассасалари ўқув жараёнига татбиқ этилган.
Олиманинг «Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди», «Алишер Навоий ижодида миллий мафкура», «Навоий ғазалларида жўмардлик мотивлари», «Навоий васияти», «Навоий дастхати» каби сермазмун асарлари юртимиз ва чет эл адабиётшунослари томонидан илмий кашфиётлар сифатида эътироф этилган.
С.Ғаниева Алишер Навоийнинг узоқ йиллар давомида илм-фанга номаълум бўлиб келган “Муножот” асарини топиб, нашр эттирган. Олима 2011 йилда Алишер Навоийнинг 20 жилдлик мукаммал асарлар тўпламини нашрга тайёрлашда фаол иштирок этган.
У Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, «Эл-юрт ҳурмати», «Буюк хизматлари учун» орденлари ва Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвони билан мукофотланган.
Миллатпарвар, юртпарвар, Ватанига садоқати ва меҳри баланд олима Суйима Ғаниева барча ёш олималар учун ибратдир.
Н.Усмонова, ЎзА