Бугунги кунда юртимизда турли миллат ва дин вакиллари бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида тинч ва тотув ҳаёт кечирмоқда. Мана шундай ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида барча ҳудудларда турли маданий ва маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Шулардан бири Тошкент фотосуратлар уйида ташкил этилган “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли фотокўргазмадир.

Кўргазмада Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ва миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва дин вакилларининг турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари акс эттирилган 100 дан ортиқ асарлар намойиш этилди.

— “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли фотокўргазма юртимизда турли миллат ва дин вакиллари орасидаги бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ёритувчи муҳим ижтимоий тадбир бўлиб хизмат қилади, — дейди Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Олим Нарзуллаев. – Кўргазмада намойиш этилган 100 дан ортиқ асарлар орқали ташриф буюрганлар юртимиздаги маданий хилма-хиллик ва тинчлик муҳитини ҳис эта олди. Бундай тадбирлар миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маънавий бойликни асраб-авайлаш ва барча авлодни бағрикенглик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА