30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан мамлакатимизда ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Андижон вилоятида ҳам дўстлик фестиваллари, турли маданий, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Хонобод шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Қирғиз миллий маданий маркази вилоят бўлими томонидан “Миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт” шиори остида ўтказилган тадбирда вилоятда фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар, Хонобод шаҳрига ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этди.
Тадбир очилишида сўз олганлар томонидан мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланганлиги эътироф этилди. Хусусан, Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари қонун йўли билан ҳимояланганлиги, уларнинг ўз она тилини ўрганиши, анъана ва урф-одатларини ривожлантириши учун барча шароитлар яратиб берилганлиги таъкидланди.
– Бугун Андижон вилоятида 150 минг нафардан зиёд қирғиз миллати вакиллари яшайди, - дейди Ўзбекистон Қирғиз миллий маданий маркази Андижон вилоят бўлими раҳбари Обиджон Носиров. – Миллатдошларимиз Жалақудуқ, Хўжаобод, Марҳамат, Қўрғонтепа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида нисбатан уюшган ҳолда истиқомат қилади. Жойларда халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларини давом эттириш учун барча шароит ва имкониятлар яратилган.
[gallery-24514]
Марказимиз томонидан Ўзбекистонда яшаётган турли халқ, миллат ва элатларнинг ўзаро дўстлиги ҳамда тотувлигини мустаҳкамлаш, юртни обод қилиш, тинчлигини асрашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу орқали ёш авлодни ватанпарварлик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш ишига ҳисса қўшмоқда.
Дарҳақиқат, миллий маданий марказ вилоят бўлимининг ташаббуси билан вилоятнинг Андижон, Хонобод шаҳарлари, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод, Марҳамат туманларида “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда”, “Ўзбекистон – ягона ватаним”, “Туғилган ер – Ватандир”, “Она ягона, Ватан биттадир”, “Аҳил ва иноқлигимиз – дўстлигимиз пойдевори”, “Шу азиз юрт – барчамизники!” каби мавзуларда дўстлик фестиваллари, маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, жойларда қирғиз миллий байрамларига бағишланган тадбирлар ҳам доимий равишда бўлиб ўтмоқда.
Тадбир доирасида қирғиз миллий либослари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, ижодий ишлар кўргазмалари ташкил этилди, қирғиз миллий анъаналари намойиш этилди.
Кўргазмада намойиш этилган асарларда юртимиздаги миллатлараро дўстлик, барча миллат вакилларининг эмин-эркин фаолияти, интилишлари ўзига хос тарзда акс эттирилди.
Қўрғонтепа туманидаги таълим қирғиз тилида олиб бориладиган 30-давлат ихтисослашган мактаби ўқувчилари, Қирғиз миллий маданий маркази қошидаги “Жаш қиял” (“Ёш ниҳол”) қўбизчи қизлар ансамбли, шунингдек, тадбирга ташриф буюрган, асосан, қирғиз миллати яшайдиган маҳаллалар жамоалари томонидан намойиш этилган бадиий дастурлар, ижро этилган рақс, куй ва қўшиқлар тадбир иштирокчиларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
– Юртимизда қирғиз миллий санъати, қўшиқчилик анъаналарини ривожлантириш учун барча шароитлар яратиб берилган, – дейди қўбизчи қизлар ансамбли аъзоси Айгерим Ғаппорова. – Қолаверса, халқимиз миллий анъаналарини давом эттираётганимиздан нафақат мен, балки жамоамизнинг ҳар бир аъзоси беҳад хурсанд. Мана шундай тинч ва обод юртимизга кўз тегмасин.
Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Андижон вилоятида ўтказилаётган бу каби тадбирлар юртимизда миллатлараро дўстликни янада мустаҳкамлашга, Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларни мамлакат тинчлиги ва равнақини таъминлаш йўлида бирлаштиришга хизмат қилмоқда.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари