
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Андрю Грей билан учрашув бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига давлатимиз бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу борада ҳалқаро ҳамкорлик алоқалари ҳам тобора кенгайиб бормоқда.


Шунга кўра ташкил этилган учрашувда Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги миссияси томонидан Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Жумладан, одам савдосига қарши курашиш ва жабрланувчиларга психосоциал ёрдам кўрсатиш, ҳимояга муҳтож мигрантлар, айниқса аёллар учун ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлов дастурлари ҳамда мигрантларга тиббий, ҳуқуқий ва касбий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар келгусида Тошкент шаҳрида ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва миграция жараёнларини янада самарали бошқариш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳокамаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Гулноза Бобоева, ЎзА