Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигора Қутлимуродова бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган хотин-қизлар билан онлайн учрашди.
Мулоқотда аёлларнинг хориждаги яшаш ва меҳнат шароитлари, даромад манбалари ўрганилди. Шунингдек, чет элда бўлиб турган аёлларга ўз Ватанига қайтиш, юртимизда улар учун яратилаётган кенг имкониятлар, янги иш ўринлари ва қўллаб-қувватловчи дастурлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Мигрант аёлларга психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий йўналишда тавсиялар ҳамда амалий ёрдамлар кўрсатилди, – дейди Миграция агентлиги Хоразм вилоят филиали раҳбари Ғайрат Ишимметов. – Мулоқот илиқ ва самимий руҳда ўтиб, хориждаги аёлларни Ватан билан боғлаб турувчи меҳр ва эътибор ифодаси бўлди. Онлайн мулоқот чоғида хориждаги хотин-қизлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Улар орасида ҳужжатларни расмийлаштириш, меҳнат шартномаларини тўғри тузиш, фарзандлар таълими ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш каби мавзулар долзарб бўлди.
Мутасаддилар томонидан ҳар бир мурожаат алоҳида ўрганилиб, амалий ечимлар ишлаб чиқилиши белгиланди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари